loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Меъморга олтин медал берилди

Азамат Тўхтаев Ўзбекистон  Бадиий академиясининг олтин медали билан тақдирланди.

Бугун, 2 июнь куни Ўзбекистон Бадиий академиясининг анжуманлар залида Ўзбекистон республикасида хизмат кўрсатган меъмор, яқинда 75 ёшни қаршилаган А.Тўхтаев  билан учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон  Бадиий академияси ҳақиқий аъзолари, халқ рассомлари, Бадиий академия тасарруфидаги таълим муассасалари ҳамда ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

“Меҳнат шуҳрати” (1999) ордени соҳиби,  “Ўзбекистон Бадиий академияси хақиқий аъзоси” (1997), меъмор Азамат Тўхтаев мамлакатимизда, бошқа республикаларда ҳам турли меъморий лойиҳалар муаллифидир.

Учрашувда таъкидланганидек, меъмор фаолияти айниқса, Ўзбекистон мустақиллиги йилларида гуллаб-яшнади. Азамат Тўхтаев муаллифлигидаги лойиҳалар асосида нафақат пойтахтимиз ёки юртимиз ҳудудларида, балки хорижий давлатларда ҳам  бир-биридан муҳташам бино, обьектлар қад ростлади ва халқимизнинг фахрига айланди.

Учрашувда А.Тўхтаевнинг меъморчилик фаолиятига оид видеоролик намойиш этилди. Меъморга олтин медални Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур топширди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.