loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

“Меъмор чизгилари”

2021 йил 23 февраль куни Марказий кўргазмалар залида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган меъмор, Меъморлар уюшмаси президиуми аъзоси, Давлат ва халқаро мукофотлар лауреати, Халқаро меъморлар академияси академиги, Қўқон шаҳри фахрий фуқароси Серго Сутягиннинг “Меъмор чизгилари” номли кўргазмаси очилди.

Серго Сутягин 1937 йил 23 февралда Москва шаҳрида таваллуд топган. 1960 йил Ўрта Осиё Политехника институтининг “Меъморлик” мутахассислигини имтиёзли диплом билан тамомлаган. Серго Сутягин Ўзбекистон шаҳарсозлик институтида иш бошлади. 60 йиллик иш фаолияти давомида у Тошкент, Самарқанд, Душанбе, Хива, Қўқон, Урганч ва Олмалиқ шаҳарларидаги маъмурий ва турар-жой биноларини лойиҳалаштиришда ва қурилишида иштирок этган.

1961 йилда бир гуруҳ ёш меъморлар 2,5 минг ўринли Тошкент шаҳридаги кўп функционалли Санъат саройи – кинотеатр лойиҳалари учун республика танловида ғолиб бўлишди. Серго Сутягин қурилиш жараёнида бош меъмор вазифасида фаолият юритди. 1964 йилда ушбу муаллифлар Ҳамза номидаги Давлат мукофоти лауреатлари унвонига сазовор бўлишди.

Унинг “Самарқанд – Дарвоза” чойхонаси лойиҳаси (1975 й.) ички шаҳарсозликдаги кичик портлашни юзага келтирди. Бунга қадар эса ҳамма ерда “кублар” ва “параллелепипедлар”лар барпо этилган. Тўсатдан эски шаҳар дарвозаси ўрнида пирамида барпо этилди. Унинг устидаги гумбаз деворлардан узилган бўлиб, у “муаллақ холда турган”.  Саксонинчи йилларда бу иншоот пойтахтнинг диққатга сазовор жойларидан бири бўлган.

Қўқон шаҳрида қурилган Мусиқали-драма театри ва Адабиёт музейи учун С. Сутягин – Алишер Навоий Давлат мукофотига сазовор бўлган.

Экспозицияда Серго Сутягиннинг график асарлари, шунингдек, турли лойиҳаларининг макетлари намойиш этилмоқда.

Кўргазма ўз фаолиятини 2021 йилнинг 9 мартига қадар давом эттиради.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.