loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Нафис кашталар

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ Нукус гарнизони 1 сонли ёпиқ шаҳарчада фаолият юритиб келаётган “Меҳрибон” тикувчилик цехида Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши Қорақалпоғистон минтақавий бўлинмаси ташаббуси билан “Қорақалпоқ миллий ҳунармандчилиги кашталар талқинида” мавзусида суҳбат ташкил этилди.

Ҳунарманд аёл, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Гулсаур Сапарбаева қорақалпоқ миллий ҳунармандчилигида каштадўзлик санъати энг қадимги турлардан бири эканлиги ва миллийлик тимсоллари кашта намуналарида ҳам акс этишини гапириб берди.

Каштачилик ўзбек амалий санъатида ҳам узоқ даврларга бориб тақалади. Инсонларнинг гўзалликка интилиши натижасида пайдо бўлган каштачилик намуналари бугунги кунга қадар сўзана, пилик, зардевор, гулкўрпа, чойшабларда ўз аксини топиб, бадиий қийматини йўқотганича йўқ. Яқин-яқин йилларгача ҳар бир турмушга чиқаётган қизнинг сандиғида ўз қўллари билан тикилган каштачилик буюмлари бўлмоғи лозим саналган. Қорақалпоқ каштачилик санъати ҳам ўзбек каштачилиги каби асосий безак вазифасини ўтаган. Қадимги турлари сақланиб қолмаган бўлсада, XIX асрда яратилган каштачилик намуналари юртимизнинг энг нуфузли музейларидан бири бўлмиш И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат музейининг экспозиция залларида томошабинлар диққатига ҳавола этилган. Музейга борганингизда, албатта, кашта безаклари билан бойитилган кўк кўйлак, саукеле, онирше каби аёллар либослари билан танишишни унутманг.

Айни пайтда Гулсаур Сапарбаева Есжан бахши номидаги 1 сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида амалий санъат ўқитувчиси, каштачиликдан дарс беради. Қорақалпоқ миллий каштачилигининг қадимги турларини тиклашда муносиб ҳисса қўшган аёл. Ҳарбийларнинг оилалари билан ўтказилган учрашувда ҳунарманд кашта тикиш технологиясини амалий тарзда кўрсатиб берди. Дарҳақиқат, ҳозирги вақтда ҳам қорақалпоқ аёллари либосларида кашта намуналарини кўп учратасиз. Шу қадар нафис ва дид билан ишланган безаклар замонавий технологиялар ёрдамида яратилган бўлса керак, деган ҳаёлингиздан ўтган бўлса, ҳам ажабмас. Қорақалпоқ каштачилигининг фарқи ҳам мана шунда асли. Сабру-матонат билан жуда майда безакларни ҳам энг ингичка игнада ишлаб, матога нақш солган каштадўзларнинг маҳорати шунинг учун асрлар ўтса ҳамки, таҳсинга сазовар бўлиб келаётир.

Гулсаур опанинг айтишича, қорақалпоқ каштадўзлигида зооморф, ўсимликсимон, геометрик, антропоморф безаклар учрайди. Асосан зооморф безакларидан кенг фойдаланилади. Бунинг замирида эса қорақалпоқ халқининг азалдан ҳайвонларга бўлган муносабатларининг муқаддаслиги билан таснифланади. – “Қорақалпоқ халқининг қаҳрамони Айдосбий бобо ҳам ҳайвонларга ўзгача меҳр қўйиб, уни ризқ-насиба тимсолида кўргани яққол мисол бўла олади”, – дейди Гулсаур Сапарбаева сўзига қўшимча тариқасида.

“Меҳрибон” тикувчилик цехида фаолият юритаётган ҳарбийларнинг турмуш ўртоқлари учрашувдан кўнгиллари тўлиб, қорақалпоқ каштачилиги ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишди. Гулсаур Сапарбаева ва унинг шогирдлари томонидан ўтказилган маҳорат дарсида эса кашта тикиш технологиясининг олти хил турини ўзлаштириб олишди.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали талабаларининг миллий қўшиқлар гулдастаси учрашув иштирокчиларига ҳушкайфият улашди.

Эслатиб ўтамиз, “Меҳрибон” тикувчилик цехи ҳарбийларнинг ижтимоий ҳимояси йўлида яратилган имтиёзлардан фойдаланган ҳолда, 2019 йилнинг август ойида майор З.Гаиповнинг турмуш ўртоғи Зумрад Гаипова ташаббуси билан очилган эди. Ҳозирда цехда 10 нафар ҳарбийларнинг оилалари иш билан таъминланган. Бундан ташқари “устоз-шогирд” анъаналари йўлга қўйилиб, тикувчилик билан шуғулланиш истагида бўлган ҳарбийларнинг турмуш ўртоқлари тикувчиликни ўрганишмоқда. Қорақалпоғистонлик ҳунармандлар билан тез-тез учрашувлар ўтказилиб, ўзаро тажрибалар билан ўртоқлашмоқдалар.

Шоҳиста Абдурахмонова, санъатшунос

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.