loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Нафис санъат тарғиботи

Бугун, 16 февраль куни Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Олмазор тумани “Қичқириқ” маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорликда шу маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаролар ва уларнинг фарзандлари учун “Нафис санъат тарғиботи” мавзусида тадбир ўтказилди.

Мазкур тадбир доирасида маҳаллада яшовчи ёшларни тасвиий санъат ва рассомчиликка жалб этиш мақсадида vаҳалла фуқароси Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, устоз рассом Абдували Мўминов билан ижодий учрашув ҳамда маҳорат дарслари ташкил этилди.

Мўминов Абдували Ғаниевич 1941 йил 14 майда Тошкент шаҳрида таваллуд топган.

1960-1965 йилларда П.П.Беньков номидаги Республика рассомлик билим юртида таҳсил олган. 

1966-1971 йилларда Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтининг бадиий графика бўлимида ўқиган.

Меҳнат фаолиятини 1971 йилда худди шу олий ўқув юртида ўқитувчиликдан бошлаган.

1997-2006 йилларда Республика Рассомлик коллежида дарс берган.

1975 йилдан буён кўргазмаларда ўз асарлари билан фаол қатнашиб келади.

1998 йилнинг июль ойида Туркиянинг Анқара ва Боймурт шаҳарларида мусаввирнинг шахсий кўргазмаси ташкил қилинди ва муваффақият билан намойиш этилди.

2001 йилда рассомнинг 60 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида шахсий кўргазмаси намойиш этилди.

 Мўминов Абдували Ғаниевичнинг асарлари Туркия, Буюк Британия, Франция, Бельгия ҳамда Россия Федерацияси музейларида сақланмоқда.

Ҳаттот рассом Мўминов Абдували Ғаниевич узоқ йиллик фаолияти давомида бир неча ўнлаб шогирдлар тайёрлади ва нафис санъатни  кенг тарғиб қилиб келмоқда.

Бугунги кунда рассом Мўминов Абдували Ғаниевич ўзи истиқомат қилаётган Тошкент шаҳар Олмазор тумани “Қичқириқ” маҳалла фуқаролар йиғинининг фаол аъзоларидан бири бўлиб, ўз билим ва тажрибасини маҳалла фарзандларига ўргатиб келмоқда.

Шу билан бирга тадбирга Павел Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби  ўқитувчи ва ўқувчилари ҳам маҳалла ёшларига ўз истедодларини намойиш қилиш ҳамда маҳорат дарслари ўтиш учун жалб этилди.

Тадбир давомида маҳалла ёшлари ҳам ўзларининг чизган асарлари билан иштирок этиб тасвирий санъат  ҳақидаги билим ва тушинчаларини янада бойитдилар. Ушбу тадбир ёшлар билан бир қаторда маҳаллада яшовчи ота-оналарни ҳам бефарқ қолдирмади.

Тадбир сўнгида Ўзбекистон Бадиий академияси Бош илмий котиби Феруза Обиджонова ҳамда Павел Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби директори Умиджон Ҳакимов  устоз рассом Абдували Мўминов ва “Қичқириқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Авазжон Саидовга Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби номидан эсдалик  совғаларини топширди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.