loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Омад сенга, Наргиза!

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Амалий санъат факультети, Амалий санъат асарларини таъмирлаш таълим йўналиши II босқич талабаси Наргиза Йўлдошева Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида ташкил этилган «Европа маданияти- санъати» номли халқаро онлайн танловда «Зар кўйлак» (юқоридаги сурат) номли аёллар кўйлаги билан иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди ҳамда ташкилотчилар томонидан диплом ва медаль билан тақдирланди.

Бугун, 18 март куни эса ғолиба Наргиза Йўлдошева ўзи  билим олаётган  Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “Нигоҳ” номли шахсий кўргазмасини тақдим этди.

Кўргазмани очиб берган Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Дилафрўз Қурбонова юртимизда ёшларга улкан имкониятлар яратилаётгани, бу имкониятдан келажагимиз эгалари унумли фойдаланиши лозимлигини таъкидлади ва Наргизани шахсий кўргазма билан табриклади.

Наргиза Йўлдошева ўз навбатида кўргазмани ташкил этишда ёрдам берган институт раҳбариятига ҳамда устозларига миннатдорлик билдирди.

Кўргазманинг очилиш маросими давом этаётган бир пайтда «Европа маданияти-санъати» номли халқаро онлайн танловнинг ғолиблик диплом ҳамда медали етиб келди ва ушбу мукофотлар  тантанали равишда ўз соҳибаси –  Наргизага топширилди.

Кўргазмада ёш ижодкорнинг «XVIII аср лаганида нусха»; «Мустақил оила», «Созандалар», «Денгиз», «Коинотдан назар», «Дуторчи», «Кулол қиз», «Овчи» ва бошқа кўплаб кулолчилик буюмлари, тақинчоқлар, либослар, миниатюра асарларидан иборат ижодий асарлар ўрин эгаллади.

 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.