loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Рассом билан учрашув

«- Май ойининг сўнгги кунлари Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институтида малака оширдик.

Ҳар бир кунимиз мазмунли, унутилмас воқеаларга бой бўлди. Биз-тингловчилар ўртасида ижодий учрашув ва маҳорат дарслари ташкил этилди.

Малака ошириш дарслари давомида Ўзбекистон халқ рассоми, академик, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур иштирокида ўтказилган ижодий учрашув ва маҳорат сабоқларида қимматли маълумотлар олишга муваффақ бўлдик.

Аҳамиятлиси, учрашувимиз рассомнинг ижод устахонасида бўлиб ўтди. Ўзбек тасвирий санъати ривожига улкан ҳисса қўшиб келаётган дарға рассомнинг ижод услуби, жараёни, устахонасидаги ижодий муҳит тингловчиларда катта таассурот қолдирди. Ижод, бўлажак мўйқалам эгаларини тарбиялаш, тасвирий санъатимизда кечаётган янгиланишлар билан боғлиқ ўзимизни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдик, маънавий хордиқ чиқардик.

Устоз рассом устахонасини миннатдорлик туйғулари билан кўтаринки кайфиятда тарк этдик.

Айтмоқчиманки, малака ошириш дарслари давомида соҳанинг мана шундай фидойи, забардаст вакиллари билан ижодий учрашувлар ташкил қилиш, устахонасида бўлиб, фикр алмашиш тингловчиларнинг келгуси фаолияти учун жуда фойдалидир.»

Гулнора Самадова,
Жиззах ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати мутахассислик фани ўқитувчиси

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.