loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Тасаввур ва тасвир

Бугун, 13 октябрь куни Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, рангтасвирчи рассом Эркин Жўраевнинг каталоги тақдимоти ҳамда  “Тасаввур ва тасвир” номли шахсий кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди. 

Кўргазма экспозициясида намойиш этилган асарлар туркум ёки алоҳида асар бўладими, уларнинг барчасига тегишли бўлган қандайдир унсурлар, ҳолатлар, шакллар, мавзуларга дуч келамиз. Рассом асарлари мавзу ва композицияси жиҳатдан мутаносиб, бироқ ўта мураккаб қурилмага эга. Композиция ва ранглар ечими бир-бирини таъкидлаб, бир-бирига уйғунлашиб кетган. Асарларни узоқ вақт мобайнида кузатсангиз, уларда Шарқ ва Ғарб уйғунлигини, яъни шарқона мавзу ғарбона ечимга мувофиқлаштирилганлигини гувоҳи бўласиз.

Рассом асарлари йўналишини ХХ асарда тўлақонли шаклланиб улгурган кубизмга мансуб дейиш мумкин. Уларда геометрик шакллар ва буюмлар ажратилган, шакллар фазовий макондан чегараланган, бироқ маконга сингиб кетган. Макон ва моддий жисм замон оралиғида гўё муаллақ тургандек. Баъзи композициялар қирқим ва текисликнинг кесишганидан юзага келган коллажлардан ташкил топгандек. Яъни қўйилган ҳар бир рангли мозокни рассом маконга нисбатани тасаввурида таҳлил этиб, тасвирни юзага келтирган. Картиналарда мусаввирнинг бир рангнинг турли градацияларини усталик билан қўллаши ранглар ўйғунлиги, ҳамда композиция мазмун-моҳиятини кучайишига олиб келган. Геометрик шакллар ва уларнинг бўлаклари ёрдамида мавҳумий объектлар шакллантирилган.

Эркин Жўраев асарлари мавзусига кўра шарқона хусусият касб этади. Унинг асарларида фалсафий-эстетик, ижтимоий-маиший, тарихий-этнографик мавзулар турли рамзлар, атрибутлар, шакллар, ранглар орқали талқин этилади. Шунингдек, уларнинг моҳияти шарқ фалсафаси асосида очиб берилади. Кўргазмада ижодкорнинг 60 яқин рангтасвир асарлари намойиш этилади. Асарлари: Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркиянинг музейлари ҳамда Хитой, Россия, Франция, Германия, АҚШ, Япония, Англия, Покистон, Польша, Сербия, Корея сингари давлатларда шахсий коллекцияларда сақланади.

 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.