loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

“Тошкент қувончлари” биенналеси бошланди

Бугун, 15 декабрь куни Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида “Тошкент қувончлари”   VIII  халқаро болалар расмлари биенналесининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

“Тошкент қувончлари”  VIII – халқаро болалар расмлари биенналесини Ўзбекистон Бадиий академияси раиси ўринбосари Фарҳод Тошмухамедов кириш сўзи билан очиб берди ва ушбу санъат байрами билан барчани қутлади.

Ташкилотчилардан бири – “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси раиси Искандар Латипов ушбу биенналенинг нақадар аҳамиятлилиги ҳақида гапирди.

Биенналенинг очилиш маросимида Республика ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқувчиларининг мусиқали чиқиши барчада катта таассурот қолдирди.

“Тошкент қувончлари” VIII  халқаро болалар расмлари биенналесида бу йил 15 га яқин чет давлатлар болалари ижодий ишлари  иштирок этмоқда. Бу эса санъатнинг чегара билмаслигидан далолатдир.

Хитой, Беларусь, Россия, Таиланд, Франция каби мамлакатлардан турли мавзулардаги расмлар етиб келди. Малайзия, Япония, Уммон ва Польша давлатлари болалари чизган расмлар эса электрон шаклда жўнатилган.

Биеннале дунё болалари дўстлигини  янада жипслаштирди. Улар икки йилни орзиқиб кутишди.

Бу йилги танловга қабул қилинган 5 ёшдан 15 ёшгача бўлган ижодкор болаларнинг 2500 га яқин расмлари Халқаро маданият карвон саройининг катта ва кичик залларида намойиш қилинмоқда.

Танловга юборилган болалар ишлари ҳайъат аъзолари томонидан  3 гуруҳга ажратилиб баҳоланади:

  • 5 ёшдан 7 ёшгача,
  • 8 ёшдан 12 ёшгача
  • 13 ёшдан 15 ёшгача.

Ушбу халқаро танловни ўтказишдан асосий мақсад – болаларнинг тасвирий санъатга бўлган қизиқишини орттириш, улар орасидан янги иқтидорларни излаб  топиш ва рағбатлантириш, Ўзбекистон болаларини дунёдаги тенгдошлари ижоди билан яқиндан таништириш, уларнинг дўстлигини янада мустаҳкамлаш, қолаверса, жаҳон санъати  ва маданиятига бўлган эътиборни оширишдир.

“Тошкент қувончлари” VIII халқаро болалар расмлари биенналеси жорий йилнинг 20 декабригача давом этади.  Биеннале ғолиблари учун қуйидаги мукофотлар қўйилган: битта гран – при, 7 та олтин, 7 та кумуш, 7 та бронза медаллари ва 30 дона эсдалик тангалари.

Барча иштирокчиларга эса сертификатлар тақдим этилади.

Ғолиблар 21 декабрь куни соат 15:00да  Икуо Хираяма Халқаро маданият саройида Биенналенинг ёпилиш маросимида тақдирланишади.

  • Ташкилотчилар: Ўзбекистон Бадиий Академияси
  • Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги
  • Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги
  • “Соғлом авлод” хайрия жамғармаси
  • “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.