loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Фонд асарлари кўргазмаси

Бугун, 30 июнь куни Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи (ХМКС)да «ХМКС бадиий фондидан: рангтасвир ва график асарлар» кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди. Кўргазмада 50 дан ортиқ рангтасивр ва графика ишлари намойиш этилмоқда.

Қарийб 15 йилда шаклланган ХМКС фондида ҳозирда рангтасвир, ҳайкалтарошлик, кулолчилик намуналари сақлаб келинмоқда.

ХМКС бадиий фонди 2007 йилдан бошлаб кўргазма ўтказган таниқли ва ёш рассомларнинг  рангтасвир ва графика асарлари билан тўлиб борди. Улар совға қилган асарлардан иборат кўргазмалар ташкил қилиниб келинаяпти.

 

2012 йил 29 августда Икуо Хираяма Халқаро Маданият карвон саройида “Мустаҳкам оила” йилига бағишланган “Машриқ. Иштиёқ. Ҳарорат” деб номланган оилавий сулола – Тюринларнинг кўргазмаси бўлиб ўтган эди.

Александр Тюрин оиласини республикамиздаги таниқли рассомлар оиласи десак янглишмаймиз. Рассомлар Александр, Милен ва Кристиналарнинг ижодида ўзаро уйғунликни кўриш мумкин. Буни боиси бир муҳитда ижод қилиши сабаб бўлиши мумкин. Кўргазмадан сўнг ХМКС фондига Александр Тюрин “Йўл, м,м, 46х66, 2012 йил” асарини совға қилди.

Радик Азизов ХМКСда энг кўп кўргазма ташкил қилган рассомлардан биридир. Шу боис ҳам у кўргазма ўтказишдаги фаоллиги учун ХМКСнинг 3 марта дипломи билан тақдирланган. Рассомнинг 8та асари ХМКС бадиий фондига совға сифатида тақдим қилинган. Жумладан, “Парад, қоғоз, гуашь, 51х45, 1995 йил”, “Белгилар, қ, гуашь, 58,5х46,1992 йил”, “Кун якунида, қ, гуашь, 53х50, 1994 йил” кабилар шулар жумласидан.

Рассом Светлана Шин гуллар ва табиатни яхши кўради. Шу боис ҳам ижодининг асосий қисмини республикамизда ўсадиган турли хил гуллар ва гўзал табиат мўъжизалари эгаллайди. Фондимизда сақланаётган “Чашма, м,м, 80х86, 2013” асари шулар жумласидан.

Баҳодир Зокировни кўпчилик яхши танийди. Санъаткор Ботир Зокировнинг ўғли Баҳодир Зокиров нафақат кино санъатида, балки, рассомчилик санъатида ҳам иқтидори борлигини кўрсатди. Унинг 2015 йилда ХМКСда ўтказилган шахсий кўргазмаси “Сенинг севгинг…” деб номланган эди. Баҳодир Зокиров фондимизга “Доира, м,м, 50х70, 2015 йил” асарини совға қилди. 2021 йилда эса “Отам хотираси учун” кўргазмасидан сўнг «Базм», x.m, 50х70, 2015 йил асарини тақдим этди.

Рассом Исфандиёр Ҳайдаров ўзининг “Сеҳрли диёр” номли шахсий кўргазмасини 2015 йил санъат ихлосмандларига тақдим этган эди. Унинг фондимизда сақланаётган “Гарден, м,м, 50х40, 2015 йил” ва “Xumson.Oqshom, м,м, 50х69,2015 йил” асарлари гўзал табиатимизнинг мафтункор ва бетакрор гўзаллигини тараннум этади.

Рассом Юрий Гребенюк – гуллар ва табиатнинг чинакам шайдоси, десак янглишмаймиз. Шу билан бирга фалсафий асарлари рассом ижодини безаб турибди. Унинг фондимизда сақланаётган “Олтин ўртани аниқлашда ижобий ва салбий таъсирнинг супрематик диффузияси, м,м, 75х95, 2014 йил”, “Ёз пайти, м,м, 70х80,2017 йил” асарлари чинакам санъат асари дейиш мумкин.

Ҳарбий – рассом Иқбол Илҳомовнинг “Бурчмулла тоғлари, м,м, 62х59, 2007 йил”, рангтасвирчи рассомлардан Валерий Повариниснинг “Подъезд балиқлари, м,м,55х65,2016 йил”, Бахтиёр Юсуповнинг “Адолатсиз айрилиқ, м,м, 67х47,2015 йил”, Аҳмад Умаровнинг “Дарвоза, м,м, 60х70, 2017 йил”, Аҳмад Бобоевнинг “Метаморфозалар, м,м, 47х91, 2016 йил”, Нозимхўжа Абдусаломхўжаевнинг “Хумсон манзаралари, м,м, 50х70, 2014 йил”, Светлана Шиннинг “Чашма, м,м, 80х86, 2013 йил”, Валерий Кузнетсовнинг “Чирчиқда кунботар, м,м, 29х50, 2009 йил”, Н. Холмирзаевнинг “Оқ туянинг ташрифи, м,м, 49,5х50, 2013 йил” каби асарлар ХМКС фондида сақланиб келмоқда.

ХМКСда ҳар йили ёш рассом ва талабаларнинг кўргазмалари уюштирилади. Бадиий фондда ёшларнинг асарлари ҳам сақланиб келади. Ёш рассомлардан Севара Қосимованинг “Сув бўйида, м,м,90х40, 2014 йил” ва “Хумсон. Оқшом, м,м, 50х60, 2015 йил”, Муҳиддин Рисқиевнинг “Қуёшга таъзим, қоғоз, акварел, 61х20, 2013 йил”, “Эгизаклар, м, 30х35, 2013 йил”, Достон Қурбоновнинг “Қорли кун, м,м, 30х60,5, 2016 йил” каби асарлар турли мавзуларда чизилган. Ёш ва умидвор ёшларнинг келажакда таниқли рассом бўлишларига умид қиламиз. Албатта, бунда изланиш, ўқиш, билим жуда ҳам зарур.

ХМКС бадиий фондида сақланаётган асарлар юртимизнинг таниқли ва иқтидорли рассомларнинг ишларидан ташкил топган.

Кўргазма жорий йил 15 июлгача давом этади.

 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.