loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Бахтиёр болалик онлари

Бугун 1 июнь куни  Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси, Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги, Тошкент фотосуратлар уйи билан ҳамкорлигида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган фотокўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Кўпчилик жаҳон мамлакатларида 67 йилдан буён 1 июнь – ёзнинг илк кунида Халқаро болалар кунини нишонлашади. Дам олиш куни бўлмаса ҳам бу кун ҳақиқий болалар байрами ҳисобланади. 1949 йилда Парижда аёлларнинг Халқаро демократик федерацияси конгресси бўлиб ўтди. Бу конгрессда болаларнинг бардамлиги ва бахт-саодатининг кафолати бўлган мустаҳкам тинчликни таъминлаш учун доимий кураш ҳақидаги шиор янгради. Урушдан кейинги даврда сайёрамизда яшовчи барча митти болажонларнинг соғлиқ ва хотиржамлигини сақлаш долзарб муаммога айланиб қолган эди. 1950 йилдан эътиборан, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида нишонлана бошланди.

1989 йилда БМТ Бош Ассамблеяси болалар ҳуқуқлари тўғрисида Конвенция қабул қилди. Унда бутун дунё мамлакатлари учун болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашни жорий қилиш тўғрисида ёзилган.

Дунёнинг кўпчилик мамлакатлари ва шаҳарларида бу байрам болалар ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилиш ҳақида мунозара ва лекциялар ўтказиш билан нишонланади. Шунингдек, болалар кунида турли-туман қувноқ ва маданий оммавий тадбирлар, спорт мусобақалари, концертлар ўтказилади. Шу куни оғир бемор, даволанишга муҳтож ва ногирон болалар учун хайрия акциялари ва тадбирлар ташкил қилинади.

Болаларни ҳимоя қилиш куни байрамининг мақсади кенг жамоатчилик диққатини муаммоли болаларга, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, ҳимояланган дунёда яшаш имкониятларига, бахтли болаликка эга бўлишларига ва ўз мамлакатининг тўла-тўкис ва хотиржам фуқароси бўлиб ўсишларига қаратишдир.

Фотокўргазма экспозицияда намойиш этилган фотоасарлар ҳам болалар ҳаётининг бахтли, қизиқарли, ҳаяжонли онларини акс эттиради. Фотосуратларда келажагимиз пойдевори бўлган болажонларнинг қўлга киритаётган ютуқлари, беғубор болаликнинг бетакрор ва қувноқ дақиқалари, уларнинг узтоз-мураббийлардан сабоқ олаётган жараёнлари таниқли фотографлар, ЎзМАА муҳбирлари ҳамда фотография санъати ҳаваскорлари томонидан тақдим этилган. Улар орасида Р.Шарипов, И.Щур, Р.Хубутия, Г.Омонова, Н.Каримова, Ф.Назар, Т.Лешенко, Г.Хупария, А.Кадироваларнинг фотографиялари томошабин эътиборини тортади, уни мушоҳадага чақириб, кайфият беради.

Кўргазмада ижодкорларнинг 200 га яқин бадиий фото асарлари намойиш этилади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.