loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Шилпиқ қалъада санъат байрами

Юртимизда Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан анъанавий тарзда Тасвирий ва амалий санъат фестивали ўтказилиб келинади. Ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, истеъдодли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, ёш ижодкорларнинг миллий ўзлигимизни англаш, ватанпарварлик, халқпарварлик ғояларини тараннум этувчи ёрқин санъат асарларини яратишдаги фаолиятини рағбатлантириш, улуғ аждодларимизнинг бой маънавий-маданий меросини фаол тарғиб қилишда санъат фестивали муҳим аҳамият касб этиб келмоқда.

Бу йилги халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали доирасида Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими ва Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ҳамкорлигида ўтказилган маданий-маърифий тадбир эса санъат аҳли вакиллари билан бир қаторда ҳарбий хизматчиларда ҳам жуда катта таассурот қолдирди.

Тадбир ноанъанавий тусда Нукус шаҳридан 40 км. дан зиёдроқ масофани эгаллаган Шилпиқ қалъада, очиқ осмон остида ташкил этилди. Сафарбарлик чақируви резерви батальонининг бир гуруҳ хизматчилари, ҳарбий оркестр жамоаси, ўқувчи-ёшлар ҳамда тадбирнинг энг асосий қаҳрамонлари рассомлар Шилпиққалъада ижодий мулоқатга киришишди.

Пленэрда этюд ишлаш завқини рассомлар жуда яхши билишади. Мовий осмон, кенгликлар, олислардан виқор ила оқаётган Амударё ва узоқ ўтмиш қаъридан сўз очган Шилпиққалъа ижодкорларга бир олам илҳом бахш этгани шубҳасиз. Тадбирда майор Шоҳрух Носиров санъат аҳлини байрам билан қутлар экан, бу каби тадбирлар ҳарбийларга маънавий озуқа эканини алоҳида таъкидлади.

Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестр жамоаси томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар эса ижод аҳли ва ёшларга руҳий кўтаринкилик бағишлади. И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи директори ўринбосари, Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, истеъдодли рассом Бахтияр Серекеев қадимий археологик объект бўлмиш Шилпиқ тарихи ҳақида қисқача маълумотлар бериб ўтди.

Қорақалпоғистонлик рассомлар бир зумда матога турфа ранглар билан ўз услубига хос асарларни жо қилиб, томошабинларнинг таҳсинига сазовар бўлишди. Рассомлар этюд ишлаш давомида қизиқиш билдирган ҳарбийлар ва ўқувчиларга тасвирий санъат бўйича маҳорат дарсларини ўтказишди.

Шилпиқ қалъада ҳарбийлар рассомлар дунёси билан яқиндан танишишган бўлсалар, “Нукус” дала ўқув майдонида ҳарбийлар ҳаётининг жанговар нуқтаси – қурол-яроғлар ва техникалар нозикдид соҳибларини ҳам ҳайратлантирмай қолмади.

Шоҳиста Абдурахманова, санъатшунос

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.