loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ёшларнинг ижодий ишлари намойиш этилмоқда

13 ноябрь куни Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент фотосуратлар уйида II Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси доирасида пойтахтимиздаги халқаро Вестминстер университети талабаларининг ижод намуналаридан иборат  «Илҳомимсан, беқиёс Ватаним!» номли кўргазмаси очилди.

Талабалар кўргазмада 2013 йилда университети қошида очилган «Арт клуб»да тасвирий санъат сирларини ўрганиб, олган билимларини ўз ижодий асарлари орқали намойиш этмоқдалар.

Талабалар санъатга бўлган қизиқишларини рангтасвир, графика, фото ва бошқа жанрларда ифодалашган. Аҳамиятли жиҳати, талабалар ўз асарларида «Инсон.Муҳит.Санъат-2019» деб номланган II Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси концепциясига мувофиқ инсон ва уни қуршаб турган атроф-муҳит, табиат мавзусига қўл уришган.

Кўргазма доирасида Ўзбекистон Бадиий академияси  Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти «Дизайн» кафедраси талабалари ва Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабининг «Тарихий либос» бўлими ўқувчиларининг асарлари ҳам ўрин олди. Шунингдек, кўргазма очилиши маросимида миллий либослар дефилеси ҳам уюштирилди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.