loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ёшлар билан учрашув

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 декабрь куни пойтахтимиздаги ихтисослаштирилган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан ўтказган учрашувида ҳар бир вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбар-мутасаддиларига ёшлар билан ишлаш бўйича алоҳида вазифалар белгиланди.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академияси раҳбарияти томонидан тизимдаги ёшлар билан мунтазам учрашувлар ташкил этилмоқда.

Навбатдаги учрашув тасарруфдаги П.Беньков номидаги ихтисослаштирилган рассомлик мактабида таҳсил олаётган ёшлар билан бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси ўринбосари Ф.Ташмухамедов, Бадиий академия Бош илмий котиби Ф.Абиджанова, Ижодий фаолиятни мувофиқлаштириш ва кўргазмалар ташкил этиш бошқармаси бошлиғи И.Валихўжаев иштирок этган ёшлар билан очиқ мулоқотни мактаб директори У.Ҳакимов очиб берди.

Бугунги кунда ижод мактабида ўн тўртта ихтисослик бўйича мутахассис тайёрланади. Булар: дастгоҳли ва маҳобатли рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик, маҳобатли безак санъати, театр безаги ва либослари, театр санъати бутафорияси, грим, кино ва телевидение рассоми, ёғоч ўймакорлиги ва наққоошлик, локли миниатюра, қайта тиклаш (реставрация) ихтисосликларидир. Бир асрлик шонли тарихга эга П.Беньков номидаги Республика рассомлик мактаби ҳам мазкур анъаналар давомчиси сифатида мамлакатимиздагина эмас, минтақамизда ҳам нуфузли санъат ўқув муассасаларидан бири саналади.

Учрашувда Бадиий академия тизимидаги ёшлар билан алоҳида ишлашнинг самарали тизими йўлга қўйилаётгани,уларни етук мутахассис ва юксак маънавиятли шахс этиб тарбиялаш бугунги куннинг асосий вазифаси эканлиги айтилди.

Қизғин ва самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда ихтисослаштирилган мактабда таҳсил олаётган ёшлар ўзларини ўйлантираётган масалалар, қизиқтираётган саволларни ўртага ташлаб, етарлича жавоб олишди. Жумладан, улар томонидан тасвирий санъат соҳасида ўтказиладиган халқаро танловларда иштирок этиш шарт-шароитлари, ўз ижодий кўргазмаларини умумтаълим мактабларида ҳам ўтказишга оид ва бошқа таклифлар билдирилди. Ўз навбатида, Бадиий академия мутасаддилари ёшлар билан юзма-юз мулоқот қилиш орқали уларни ўйлантираётган муаммолар ечимини топиш, таклифларини амалга оширишга эътибор қаратилишини таъкидлашди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.