loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

«Ўзбекистон манзаралари» акцияси иштирокчиларининг ҳисобот кўргазмаси очилди

Бугун Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида «Ўзбекистон манзаралари» акцияси иштирокчиларининг 2019 йил якунига бағишланган ҳисобот кўргазмаси очилди.

Аввал хабар берилганидек, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та ташаббуси бўйича имплементация стратегиясини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар режаси”га мувофиқ Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзолари томонидан юртимиз бўйлаб  
2019 йилнинг октябрь ойидан бошлаб «Ўзбекистон манзаралари» акцияси ўтказиб келинмоқда.

Бугун Марказий кўргазмалар залида ташкил этилган мазкур кўргазма айнан «Ўзбекистон манзаралари» акцияси иштирокчиларининг 2019 йил якунига бағишланган ўзига хос ҳисоботдир.

Таъкидлаш жоизки, жаннатмакон юртимизнинг бетакрор гўзаллиги, айниқса олтин куз ва кумуш қиш фаслларининг фусункор  манзаралари ижодкорларга ўзгача илҳом баҳш этади. Мазкур акция доирасида Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзолари иштирокида юртимизнинг манзарали жойларида пленэрлар ташкил этилиб, табиат кўринишлари тасвирланди. Ушбу ижодий сафарлар  давомида ижодкорлар коллекциялари янги асарлар билан бойитилди.

Хусусан, Самарқанднинг Регистон майдони, Ахалик тоғлари, Ҳазрати Хизр меъморий ёдгорлиги, Шохи-Зинда мақбараси ва Бухоронинг меъморий обидалари,Амударё кўприги, Хива шаҳри, Жиззах вилоятининг Зомин тумани, Қорақалпоғистон Республикасининг Бозатау, Тўрткўл ва Беруний туманлари, Навоий вилоятининг Нурота тумани, Сарчашма ва Ургут қишлоқлари, Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги Байтқўрғон қишлоғи, Бўстонлиқ туманидаги Чимён ҳудуди,Фарғона вилоятининг энг чекка анклав ҳудуди ҳисобланган Шоҳимардон қишлоғи, Марғилон шаҳри зиёратгоҳлари, Водил ва Қувасой манзаралари, Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани, Жалақудуқ туманидаги Оламушук даҳаси каби сўлим гўшалар қўйнида яратилган манзаралар томошабинларни ўзига ром этиши шубҳасиз.

Кўргазма экспозициясидан Чори Бекмиров, Дилором Мамедова, Абдуҳаким Каримов, Дилмурод Йулдашев, Анорқул Бойбеков, Валерий Енин ва Виктория Трошина каби таниқли рассомлар билан бир қаторда иқтидорли ижодкорлар – Махаммадсоли Ахмедов, Махмуджон Казиев, Усмон Мамажанов, Наби Пирназаров, Махмадали Пулатов, Ғанишер Хайдаров, Расулжон Эсонов, Жавоҳир Авалбоев, Ўринбой Камбаров, Жамол Рахимов, Ботирали Умаров, Абдулла Раджапов, Алишер Ҳамдамов,  Муҳаммаджон Сатторов, Ферузжон Жумаев, Бунёд Каримов, Мирзамурод Тўхтаев, Сарвар Фармонов асарлари  ўрин эгаллади.

Кўргазманинг очилиш маросимида таъкидланганидек, акция давомида тақдим этилган асарларнинг энг саралари мамлакатимизда туризмни ривожлантириш мақсадида нашр этиладиган альбом учун тавсия этилади.

Мазкур акция 2020 йилнинг сўнгига қадар ўтказилиши кўзда тутилган. Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзолари Ўзбекистон манзараларини ўз асарларида тараннум қилишда давом этадилар.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.