loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Буюк адибга эҳтиром

Жорий йилнинг 4-14 октябрь кунлари ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли адиб Абдулла Қодирий адабий меросини фаол тарғиб этиш мақсадида мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, профессионал, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмларда адиб ва олимлар, жамоат арбоблари иштирокида туркум тадбирлар ўтказилади.

Бугун, 4 октябрь куни пойтахтимиздаги Абдулла Қодирий мемориал музейида адиб хотирасига бағишлаб “Абдулла Қодирий – ўзбек адабиёти хазинасидан” мавзусида адабий-бадиий, маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда вазирлик ва идоралар раҳбарлари, таниқли фан, санъат, маданият арбоблари, олий ва ўрта махсус таълим муассаслари ректорлари, талаба ва ўқувчилар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли адиб Абдулла Қодирий порлоқ хотирасига эъзоз-эҳтиром билдирилди, ҳаёти ва ижоди ёдга олинди, ХХ аср янги ўзбек адабиётининг улкан намояндаси, ўзбек романчилигининг асосчиси бўлган улкан адиб ижодий меросининг ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. Театр актёрлари томонидан Абдулла Қодирий асарлари асосида турли саҳна кўринишлари, миллий рақслар намойиш этилди.

Ушбу тадбир доирасида Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг иқтидорли талабалари ўртасида Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодига бағишланган сюжетлар яратиш бўйича ижодий танловга старт берилди.

13 октябрь куни Тошкент фотосуратлар уйида танлов иштирокчиларининг “Абдулла Қодирийнинг ибратли издошлари” деб номланган кўргазмаси очилиши режалаштирилган.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.