loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Қалбларда ватан меҳри

Бугун, 25 февраль куни Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси Андижон вилоят бўлими галереясида ижодий кўргазманинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Андижон тасвирий ва амалий санъати ижодкорларининг мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”даги илк ижодий кўргазмаси нафосат  мухлислари қалбига баҳорий руҳият ва чексиз ватан меҳрини бахш этади. 

Қалби гўзаллик, нафосат туйғусига тўла рассом ва қўли гул ҳунарманд томошабинни жаннатмакон диёримизнинг далалари-ю қиру-адирлар бағрига чорлайди.

Қ.Ортиқов, Ш.Тошбой, М.Жумашев, Р.Эсонов, Л.Сатматов сингари мўйқалам усталари ишлаган роҳатбахш манзаралар  мухлис чеҳрасига табассум, юракларга қувват беради.

Уйғониш ва янгиланиш фасли – баҳор манзараси У.Болтабоев, М.Казиев, М.Умаров, А. Каримов, А.Мамиталиев, О. Нишонов, Р. Хабибуддинов, Б.Жўраев, М.Жўраеванинг туркум рангтасвир ва амалий санъат асарларида бу мавзу ўзининг ёрқин бадиий ифодасини топган.

Инсониятнинг буюк уйғониш давридан садо берувчи Р.Уразовнинг соҳибқирон А.Темур. Ш.Бекмуродованинг темурий маликалар, Р.Убайдуллаевнинг ҳазрати Бобур ҳаёт йўлига оид тарихий асарлари, Р.Муратовнинг фалсафий тасвирлари санъат ихлосмандларини мушоҳадага чорлайди.

Андижон халқ амалий санъати мактаб асрлар давомида шаклланган ўзбек бадиий ҳунармандчилигининг таркибий қисмидир.

Анъанавий миллий санъат соҳиблари – халқаро тоифадаги кулол М.Абдуваҳобов, Андижон пичоқчилик мактаби вакиллари Р.Алихўжаев, С.Неъматов ва А.Мухитдинов, ёғоч ўймакорлари  Ўзбекистон халқ устаси  Й. Ўтаганов ва М.Насбитдинов, ганч ўймакорлиги устаси Жаҳонгир Саидалимов, миллий созлар устаси А.Мадрахимов, қўғирчоқлар соҳибаси М.Юсупова мактаби, Андижон дўппиларининг юзлаб чеварлари ва бошқа қўли гул уста-хунармандлар бугун Андижон санъатининг халқаро нуфузини ошириш учун ўз ҳиссаларини қўшиб қелмоқда.

Тадбирни БИУ Андижон вилояти бўлими раиси Дилшодбек Юсупов кириш сўзи билан очиб берди. Тадбирда  Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Андижон вилоят бўлими аъзолари, ҳунармандлар ва Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги Андижон ИСМИ ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этдилар.

Кўргазма томошабинларга манзур бўлиб, меҳмонларга баҳорий кайфият улашди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.