loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Қозоғистонда ўзбек мусаввираси маҳорат дарси ўтди

Қозоғистоннинг “Тан-Шолпан” мустақил халқаро аёл рассомлар фонди таклифига мувофиқ Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳибаси, “Эски шаҳар” ижодий гуруҳи асосчиларидан бири, таниқли рассом Дилором Мамедова жорий йил 20-25 февраль кунлари Қозоғистон Республикасида ижодий сафарда бўлиб қайтди.

Мазкур фонд Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Австрия, Германия, Канада ва АҚШнинг таниқли рассомларини ўз сафида бирлаштирган бўлиб, уларнинг ижодий ҳамкорлигини, тасвирий санъатда фикр алмашинувини ривожлантиришни мақсад қилган.

20 февраль куни Қозоғистон давлат санъат музейида “Тан-Шолпан” фонди фонди ташкил қилган кўргазмада турли мамлакатлардан 40 га яқин рассом, жумладан, юртимиз вакиласи Д.Мамедова ижоди намуналари намойиш этилди. Экспозициядан рангтасвир, ҳайкалтарошлик ҳамда амалий безак санъати йўналишидаги ишлар ўрин олди.

22 февраль куни Олмаота шаҳрида Дилором Мамедова “Рангтасвир ва импрессионизм: маҳорат сирлари” мавзусида маҳорат дарси ўтди ва ихлосмандларга ўзининг бой тажрибаси билан ўртоқлашди.

Мазкур тадбирда қатнашган санъат ихлосмандларидан бири Мадина Мухамежанова ўз таассуротларини шундай изоҳлайди: “ – Бугун машҳур рангтасвирчи рассом Дилором Мамедованинг маҳорат дарсида иштирок этдим. Унинг картиналари дунё бўйлаб ўз мухлисларига эга. У ғарқ пишган анор меваларини чизди. Шундай маҳорат билан тасвирладики, анор таъми ва ҳидини яққол ҳис қилдим.”

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.