14 октябрь куни Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройининг катта залида россиялик фоторассом, ихтиолог Александр Маркевичнинг “Қизил денгиз сув ости дунёси” номли фотокўргазмаси очилди. Шахсий фотокўргазмада муаллифнинг Қизил денгиз сув ости дунёсидан олинган 70 та фотоасари намойиш қилинмоқда.
Александр Маркевич – 1952 йили Украинанинг Днепропетровск шаҳрида туғилган. 1970-1975 йилларда Белоруссиянинг Гомель Давлат университети “Биология -тупроқшунослик” факультетида таҳсил олган. 1978 йилдан бошлаб ҳозиргача Владивосток шаҳрида Россия Фанлар Академиясининг Узоқ Шарқ денгиз қўриқхонаси филиалида ишлайди. Ихтиолог, илмий ходим ва биология фанлари номзоди.
Александр Маркевич суратга олиш билан мактаб ёшидан бошлаб шуғулланган. Унинг фотосуратлари Тинч океан рассомлари иттифоқи аъзолари ҳамкорлигидаги “Океан – мутахассис ва ҳаваскорлар фотосуратларида”(2008) ва “Владивосток: ўтмиш ва бугун”(2010) фотоальбомларида чоп этилган. Шу билан бирга “Фан ва ҳаёт”, “TourЕast” ва “Қадрдон табиат” журналларидан ҳам жой олган.