loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Раим Ҳакимовнинг шахсий кўргазмаси

Тошкент фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Раим Ҳакимовнинг “Мавжи Бухоро” номли шахсий кўргазмаси очилди. Кўргазмада рассомнинг 25 та рангтасвир, 35 та Бухоро “Абру-баҳор” замонавий услубидаги ишлари намойиш этилмоқда.Раим Ҳакимов рангтасвир асарларида тарихий-афсонавий: “Широқ” (1989), “Тўмарис” (1991), “Сиёвуш” (2010); фалсафий-эстетик: “Икки бешик” (2001), “Чархпалак” (2015),  “Икки ҳаёт” (2022); диний-маърифий: Юсуф алайҳиссалом (2017), Имом Бухорий (2021); маиший-ижтимоий: “Мавриги” (2017), “Учрашув” (2017), “Чимилдиқ” (2020), “Лўли” (2021) сингари мавзулар талқин этилади.Улардан, айниқса, тарихий-афсонавий композицияларда кўпфигураликни кузатишингиз мумкин. Мавзуни талқинида сюжетни маҳорат билан ишланганлигини ҳам гувоҳи бўласиз. Мусаввирнинг Бухоро “Абру-баҳор”-баҳор ёмғири техникасида ишланган ишлари кўпчиликни эътиборига молик бўлиши шаксиз. Уларни юзага келтиришда ижодкор ўрта асарлар миниатюралари, шунингдек, баъзи қўлёзмалар саҳифаларини безашда қўлланилган қадимий техника устида тинимсиз ишлаганлиги аён бўлади. Ва оқибатда у ўзига хос замонавий “абру-баҳор” услубини шакллантиришга муваффақ бўлган.Аралаш бўёқларнинг сувли аралашмаси махсус қоғозларга шимдирилиб, ажойиб фактуралар юзага келтирилади ва улар асарнинг замини бўлиб хизмат қилади. Бир қарашда жўн кўринишга эга бўлган абру-баҳор техникасида ишланган бундай асарлар табиатининг енгиллиги, рангларнинг борлиққа сингиб, ғойиб бўлиши билан имперссионизм мусаввирлари асарларини, тасвирнинг эврилиши, шаклларнинг деформациялари билан эса сюрреализмни эсга солади: “Бахт қуши”, “Турналар” (2012): “Қизил олма”, “Оқшом” (2014); “Ой сонатаси”, “Колибри” (2016); “Баҳтимни излайман”, “Она”, “Ҳамдардлар” (2021)…..

Муаллиф ҳақида:

1951 й. – Бухоро шаҳрида туғилган.

1968 – 1975 йй. П.Беньков номидаги Республика  рассомлик билим юртида таҳсил олган.

1974 й.дан – Вилоят илмий методик марказида тасвирий санъат тўгарагини бошқарган.

1977 й.дан. Республика ва халқаро кўргазмаларда иштирок этиб келади.

1979 – 1984 йй.  Бухоро Давлат педагогика институтида ўқиган.

1984 – 1994йй.  Касб-ҳунар билим юртида ишлаб чиқариш таълими устаси бўлиб ишлаган.

2001 й.дан – Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси.

2004 й. – Бухорода ўтказилган “Мозийдан садо” кўргазмасида фахрли 1- ўрин соҳиби.

2006 й. – Республика мустақиллигининг 15 йиллиги муносабати билан “Кўкрак  нишони” олган.

2008 й. – “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танлови ғолиби.

2012 й. – Бухоро “Абру-баҳор” технологияси ҳақида ўқув қўлланмасини ёзиб, чоп эттирган.

2011-2013 йй. – Эрон ва Хитойда бўлиб ўтган кўргазмалар иштирокчиси.

2014 й. – Бухоро шаҳрида шахсий кўргазмаси бўлиб ўтган.

 

Билим юртида сабоқ берган Анатолий Рожковни устози, деб билади.

Асарлари Ўзбекистон ва жаҳон коллекцияларидан ўрин олган.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.