loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Аёл билан олам мунаввар

Гўзал диёримизга барчамиз соғиниб кутган баҳор нафаси кириб келди.

Табиат уйғониб бораётган дамда биз баҳор ва аёл сўзларининг нақадар уйғун ва ҳамоханг эканини янада чуқур англаймиз.

Аёл зоти чиндан ҳам ўз тимсолида гўзаллик ва нафосат, эзгулик ва фидоийлик каби олийжаноб инсоний фазилатларни мужассам этганига яна ва яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.

Аёл-борлиқ кўзгуси. Унинг нафис гўзаллиги оламни чароғон этади, чунки унинг нияти пок, ўзи бокира.

 Ўзбекистон Бадиий академиясида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур байрам муносабати билан Бадиий академияда фаолият юритиб келаётган аёл, қизларни табриклади.

— Бугунги кунда фаол, ўз касбининг устаси, ижодкор аёл ва қизларнинг жамиятимиздаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Аёлларнинг нозик диди, ҳар ишга қунт билан ёндашуви, табиатан саранжом-саришталиги уларнинг самарали меҳнат қилаётганларининг сабабидир. Меҳрибон она, суюкли ёр, жонкуяр фарзанд бўлиши билан бир қаторда, аёлларнинг юртимиз фаровонлиги, халқимиз равнақи йўлидаги хизматлари ҳамиша мақтовга ва эъзозга сазовордир.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 5 мартдаги фармонига мувофиқ бир гуруҳ хотин-қизлар юксак унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди. Улар орасида Бадиий академиянинг аёллари ҳам борлиги, юксак ишончга сазовор бўлгани бизда фахр ҳиссини уйғотади.

Фурсатдан фойдаланиб барчангизни баҳор ва нафосат байрами билан яна бир бор муборакбод этаман,— деди Бадиий академия раиси ўз сўзида.

Тадбир сўнгида Бадиий академиянинг аёлларига байрам совғалари улашилди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.