loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Академикнинг шахсий кўргазмаси

Қорақалпоғистон тарихи ва маданияти давлат музейида Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Қорақалпоғистон халқ рассоми Сарсенбай Байбосиновнинг “Кўнгил наволари” номли шахсий кўргазмаси очилди.

Ушбу кўргазмада шу йил 65 ёшга тўладиган рассомнинг йиллар давомида турли жанрларда яратган энг сара асарлари ўрин олди.

Қорақалпоғистон Халқ рассоми, академик Сарсенбай Байбосинов ана шундай серқирра ижодкорлардан бири. 1957 йили Қорақалпоғистон Республикаси, Хўжайли туманида туғилиб вояга етган Сарсенбай 1973 йилдан бошлаб, тасвирий санъат оламига кириб келади. Шу йиллар давомида рассом ижод оламига шўнғиб, маҳоратли ижодкорлар сафида турли халқаро ва республика танловларида иштирок этади. Узоқ йиллик меҳнатининг самарали натижаси ўлароқ, ижодкор 2002 йилда “Шуҳрат”, 2008 йили Ўзбекистон Бадиий академиясининг олтин медали, 2015 йилда эса Қорақалпоғистон халқ рассоми унвонларига сазовор бўлади. 2018 йилда Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзоси (академик) бўлди. 

Сарсенбай Байбосинов репертуарида турли жанр ва тематик бой асарлар ўрин олган бўлиб, у ўз ижод йўлида XX аср модерн санъатини асарларга жо қилди. Абстракция, пуантализм, авангард усулида ижод намуналарини яратиб келмоқда.

Рассом асарларида мавзу бирламчи, шу билан биргаликда бадиий ифода  ранглар гаммаси камалак мисол товланади. Модерн услубида яратилган замонавий рангтасвир асарлари Сарсенбай Байбосиновнинг қорақалпоқ тасвирий санъатини жаҳонга танилишида муносиб ҳисса қўшмоқда.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.