loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Бадиий академиянинг матбуот анжумани

Бугун Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Бадиий академияси раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Бадиий академиянинг 2022 йилдаги фаолияти, устувор вазифалар ижроси, режадаги амалий ишлар ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, 2022 йил – “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг бешинчи йўналиши 75–мақсадда Бадиий академия олдига мамлакатимизда Тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларини ривожлантириш, аҳолининг бадиий-эстетик дидини юксалтиришга оид қатор вазифалар қўйилди.

Шу ва бошқа тегишли вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Бадиий академия томонидан Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатини халқаро даражада оммалаштириш мақсадида вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида 2022 йилда 1 та халқаро фестиваль (Халқаро Тасвирий ва амалий санъат фестивали, 2 та халқаро биеннале (Рассом ва жамият. Келажак санъати концепциялари мавзуида IX Тошкент халқаро Замонавий санъат биенналеси), (“Тошкент қувончлари” IX халқаро болалар расмлари биенналеси), 6 та ижодий кўрик-танлов ўтказилди.

18-22 апрель кунлари халқаро Тасвирий ва амалий санъат фестивалида Тошкент шаҳри, вилоятлар маркази ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси кўргазма залларида 30 дан ортиқ лойиҳалар орқали 10 000 (ўн минг) нафардан зиёд ўқувчи-талаба ва маҳалла ёшлари қамраб олинди.             Санъат ҳафталигида Тожикистон, Россия Федерацияси, Польша ҳамда Корея Республикасидан 24 нафар хорижий ижодкор кўргазма ва ижодий ишлари билан қатнашди.

24-28 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Рассом ва жамият. Келажак санъати концепциялари мавзуида IX Тошкент халқаро Замонавий санъат биенналесида дунёнинг 35 та мамлакати – Аргентина, Бразилия, АҚШ, Канада, Буюк Британия, Франция, Польша, Венгрия, Германия, Нидерландия, Италия, Испания, Руминия, Сербия, Болгария, Литва, Туркия, Исроил, Тунис, Миср, Қувайт, Эрон, Ҳиндистон, Бангладеш, Малайзия, Филиппин, Хитой, Арманистон, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Туркманистон, Тожикистондан 35 нафар ҳамда маҳаллий рассом-усталар замонавий санъат намуналарини намойиш этишди,илмий анжуманлар ўтказилди.

19–23 декабрь кунлари Бадиий академиянинг Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида бўлиб ўтган анъанавий “Тошкент қувончлари” IX халқаро болалар расмлари биенналесида 20 га яқин чет давлат болалари ижодий ишлари иштирок этди. 2 минг 500 га яқин асар намойиш қилинди. Бундан 2000 га яқин асар Ўзбекистон болалари, 500 асар эса уларнинг чет эл тенгдошлари томонидан тақдим этилди. Биеннале ғолиблари 1 та Гран-при, 7 та олтин, 7 та кумуш, 7 та бронза медаллари ва 30 дона эсдалик тангалари билан тақдирланди.

Бадиий академия масъуллигида 2022 йилда Ўзбекистон халқ рассомларининг намунали ҳаёти ва ижодини кенг тарғиб қилиш ҳамда улар хотирасини абадийлаштириш чора-тадбирлари амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон халқ рассомлари – Чингиз Ахмаров таваллудининг 110 йиллиги, Зинаида Ковалевская таваллудининг 120 йиллиги кенг нишонланди, ижодий кўргазма ва илмий-амалий конференциялар ўтказилди, Чингиз Ахмаров ҳайкали яратилди.

Ўзбекистон тасвирий санъати ривожига катта ҳисса қўшган атоқли рассомлар – Виктор Соседов,Тачат Оганесов, Ли Александр, Сайфулло Субҳонов, Юрий Зорькин, Эмануэль Калонтаров, Юрий Талдикин таваллуд юбилейларига бағишлаб, уларнинг шахсий кўргазмалари ташкил қилинди.

Бадиий академия тасарруфидаги “Академия галереяси, Марказий кўргазмалар зали, Тошкент фотосуратлар уйи, Икуо Хираяма халқаро маданият карвон-саройи, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ҳамда Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлимларида 386 та тадбир ўтказилди, улардан 214 тасини республика, 50 тасини халқаро ва хорижий кўргазма, 79 тасини маҳорат дарси, 43 тасини пленэр ташкил этди.

Халқаро ижодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Озарбайжонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Озарбайжон Миллий санъати музейи директори Чингиз Фарзалиев Абдул Мажид ўғли жаҳон тасвирий ва амалий санъати тараққиётига улкан ҳисса қўшгани инобатга олиниб, Ўзбекистон Бадиий академиясининг фахрий хорижий аъзолигига қабул қилинди.

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳамда Тожикистон рассомлар уюшмаси ўртасида Ҳамкорлик Меморандуми имзоланди, Тошкентда тожикистонлик рассомлар кўргазмаси ташкил этилди.

Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида май ойида 26 нафар ўзбек рассомининг 56 та асари ўрин олган кўргазмаси бўлиб  ўтди.

Бир гуруҳ ўзбек рассомлари 28 июнь – 3 июль кунлари Истанбул шаҳрида “Туркий тасвир: туркий дунё санъати” кўргазмасида иштирок этди.

2022 йилда сентябрда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Самарқанд саммити олдидан “Самарқанд руҳи” лойиҳасида Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳам иштирок этди, мустақиллик йилларида илк бор “Халқаро ҳайкалтарошлар симпозиуми”ни ташкил қилди. Унда Россия, Эрон, Ҳиндистон, Грузия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондан 7 нафар, юртимиздан ҳам  7 нафар маҳаллий ҳайкалтарош маҳобатли ҳайкаллар ясашди, улар Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор  жойларида ўрнатилди.

Ўтган ҳисобот йилида миллий меросимизни тарғиб қилиш борасида Бадиий ижодкорлар уюшмасига аъзо 40 нафар рассом, хаттот ва наққошларнинг 100 дан зиёд асарларидан иборат “Ўзбекистон замонавий миниатюраси” каталоги 1 000 нусхада чоп этилди.

Тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларида етук мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида 2022 йилнинг январидан Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида Бадиий таълим йўналишларида педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш маркази ташкил қилинди. Шу кунга қадар соҳа бўйича 400 дан зиёд педагог ва мутахассис малакаси оширилди.

Илк бора Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимида тайёргарлик босқичи сифатида Рассомлик маҳорат устахонаси (олий рассомлик курси) ташкил қилиниб, танлов асосида 10 нафар ёш стажёрлар қабул қилиниб, 2022 йилнинг январь ойидан ўз фаолиятини бошлади.

Айни пайтда Ўзбекистон Бадиий академиясида 34 нафар ҳақиқий ва 5 нафар фахрий-ҳорижий аъзолар фаолият юритмоқда. 2022 йил 15 декабрь куни Ўзбекистон Бадиий академияси ҳақиқий аъзолигига сайлов бўлиб ўтди. Ўзбекистон Бадиий академияси ҳақиқий аъзолигига сайловларда иштирок этиш учун 46 нафар ижодкордан 28 нафар номзод Бошқарув Кенгашидан рўйхатдан ўтказилиб сайловда иштирок этдилар.Бугунги кунда фаолият юритаётган жами 34 нафар ҳақиқий аъзодан 29 нафари (85 % фоиздан зиёд) овоз беришда қатнашди.

29 сентябрь куни Қўқон ихтисослаштирилган санъат мактабининг замонавий шароитга эга 400 ўринли қўшимча янги биноси фойдаланишга топширилди.

Республика ихтисослаштирилган дизайн мактабида ҳам давлат инвестиция дастурига мувофиқ 200 ўринли ётоқхона биноси ишга тушди.Мактабда бундан ташқари Либос дизайни бўлими учун замонавий шароитга эга янги бино очилди.

Мустақилликни мустаҳкамлаш ва тарихий хотирани тиклаш мақсадида Мустақиллик монументи ҳамкорликда яратилди.

Шу билан бирга, Россиялик ҳайкалтарош Виталий Казанский томонидан бадиий ҳамкорликда яратилган Жалолиддин Мангубердининг маҳобатли ҳайкали Урганч шаҳри марказида ўрнатилди. 2022 йил 29 августда Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди ёдгорлик мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

2022 йилда ҳам ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш,салоҳиятини юзага чиқариш Бадиий академия олдидаги устувор вазифа бўлди. Ўтган йилда Чехия Ўзбекистон ёшлари нигоҳида кўрик-танлови ўтказилди, ғолиблар Чехияга йўлланма олишди.

Навқирон Ўзбекистон” Республика ёш ижодкорларнинг амалий санъат кўргазмасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 18 ёшдан 33 ёшгача бўлган 70 нафардан ортиқ ёш амалий санъати усталарининг 900 га яқин ижодий ишлари намойиш қилинди, атоқли усталар билан ижодий учрашув ҳамда маҳорат дарслари уюштирилди.

Ўзбекистон Республикаси давлат герби қабул қилинган куннинг 30 йиллиги муносабати билан ёш ижодкорлар учун “Рангларда акс этган Ватан туйғуси” ижодий танлови, “Ранглар жилосида – она диёр” мавзусидаги кўрик-танлови Республика босқичи,“Камолиддин Беҳзод издошлари” миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари ижодий танлови, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси билан ҳамкорликда  “Конституция ранглар жилосида” номли ижодий танлов ташкил қилинди.

Ҳайкалтарошлик йўналишида 2022 йилда оташин шоир Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан Наманган шаҳрида ҳайкали ўрнатилди.

Қўқон шаҳридаги Фурқат боғида тараққийпарвар шоир, мутафаккир, публицист Зокиржон Ҳолмуҳаммад ўғли Фурқат монументал ҳайкали, Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймон ҳайкали, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Шарап Уснатдинов ёдгорлик лавҳи, Қорақалпоғистондаги давлат санъат музейи асосчиси, Ўзбекистон санъат арбоби, Қорақалпоғистон халқ  рассоми Игорь Витальевич Савицкийнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида ҳайкалини яратиш бўйича ижодий танлов ўтказилди.

 Жорий 2023 йилда Бадиий академия Фарғона вилоятидан етишиб чиққан устоз санъаткорлар, Ўзбекистон халқ артистлари – Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Уста Олим Комилов, Муҳиддин Қориёқубов, Лутфихоним Саримсоқова, Тамара Петросян-Тамарахоним, Ҳалима Носирова,Мукаррама Турғунбоева ҳамда Ўзбекистон халқ ҳофизлари – Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов номларини абадийлаштириш мақсадида улар бюстларини яратиш бўйича ҳайкалтарошларга ижодий танлов эълон қилинди.

 2022 йилда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан Президент Фармонига мувофиқ “Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми”  фахрий унвони билан 2 нафар, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан 1 нафар, «Дўстлик» ордени билан 3 нафар, “Ўзбекистон Республикаси халқ устаси” унвони билан 1 нафар, «Шуҳрат» медали билан 1 нафар ижодкор,рассом-усталар тақдирланди.

Март ойида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳамда “Арт Вернисаж” (“Art Vernissage”) ҳамкорлигида Ўзбекистонда санъат асарларини баҳоловчи биринчи аукцион уйи “Art Gallery” ташкил этилди.

2023 йилдаги устувор вазифалар:

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ, Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳузурида тасвирий ва амалий санъат асарлари савдосига ихтисослашган “Тошкент аукцион уйи” фаолиятини йўлга қўйиш;

  Хориждаги нуфузли аукцион уйлари билан ҳамкорлик ўрнатиш ва халқаро арт-ярмаркаларни ташкил этиш;

  Тасвирий ва амалий санъат асарлари каталогини чоп этиш каби вазифалар амалга оширилади.

  Ўзбекистон тасвирий санъати намояндаларининг юбилейлари ўтказилади. Рангтасвирчи рассом, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Жоллибай Изентаевнинг 80 йиллиги, бадиий кулол, санъатшунос Муҳиддин Раҳимов таваллудининг 120 йиллиги, ёғоч ўймакорлиги бўйича юксак маҳоратли уста Ортиқ Файзуллаев таваллудининг 90 йиллиги кенг нишонланади.

“Турксой” халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда Халқаро Туркий Маданият ташкилотига аъзо давлатларнинг кўп томонлама ҳамкорлигини ривожлантириш мавзусида анжуман ўтказиш режалаштирилган.

Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатини кенг тарғиб қилиш мақсадида 2023 йилда ҳам анъанавий халқаро Тошкент тасвирий ва амалий санъат фестивали, Халқаро амалий санъат биенналеси, ёш ижодкорларга мўлжалланган ижодий кўрик-танловлар ҳамда халқаро лойиҳалар давом эттирилади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.