loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ижодий танлов якуний кўргазмаси бўлиб ўтди

11 ноябрь куни Ўзбекистон Бадиий академиясининг Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида “Камолиддин Беҳзод издошлари” республика ижодий танлови якуний кўргазмаси очилди.

“Камолиддин Беҳзод издошлари” Республика ижодий танлови – 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари ҳамда мактаб-интернатлари ўқувчилари орасидан иқтидорлиларини аниқлаш, ёш истеъдодларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, тасвирий ва амалий санъат ривожига ҳисса қўшадиган ижодкорлар авлодини тарбиялаш мақсадида ташкил этилган. “Камолиддин Беҳзод издошлари” Республика ижодий танлови 2 босқичдан иборат бўлиб, бир йилда икки марта – 6-8 ҳамда 9-11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилади.

Танловда Бадиий академия тасарруфидаги Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Андижон, Наманган, Сирдарё, Фарғона, Джиззах вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати, П.Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби, Тасвирий ва амалий санъат (турлари бўйича) йўналишида таҳсил олаётган 9-11- синф ўқувчилари иштирок этди. Танловнинг биринчи босқичи ҳар бир таълим муассасасида ўтказилган бўлиб, ғолиб деб топилганларнинг ижодий асарлари якуний босқичга тавсия этилган.

Танловда иштирок этган ёш рассомлар “Ватан менинг нигоҳимда”, “Мен ўқиган китоб” мавзуларида, нафақат атрофдаги гўзалликдан илҳомланиб, балки, сўз санъати орқали ифода этилган дунёнинг гўзаллигини шакл ва рангларда ифода этганлар.
Кўргазмага ёш ижодкорларнинг 120 дан ортиқ рангтасвир, миниатюра, ҳайкалтарошлик асарлари қўйилди.

2019 йил “КАМОЛИДДИН БЕҲЗОД ИЗДОШЛАРИ” Республика ижодий танлови ғолиблари:

Тасвирий ва амалий санъат (барча турлари) йўналишлари бўйича:

“Ватан мениинг нигоҳимда” номинацияси бўйича:
1-ўринга Қўқон ихтисослаштирилган санъат мактаби 10-синф ўқувчиси Муҳаммадризо Кимсанбоевнинг “Менинг юртим” (рангтасвир);

2-ўринга Қашқадарё вилояти ихтисослаштирилган санъат мактаби 10-синф ўқувичси Нигина Неъматованинг “Ватан менинг нигоҳимда” (рангтасвир);

2-ўринга Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати 11-синф ўқувчиси Муҳайё Жуманазарованинг “Умид қўли” (ҳайкалтарошлик);

3-ўринга Сурхондарё вилояти ихтисослаштирилган санъат мактаби 11-синф ўқувчиси Илҳом Юсуповнинг “Менинг юртим” (рангтасвир) асари муносиб топилди.

“Мен ўқиган китоб” номинацияси бўйича:
1-ўрин Андижон вилояти ихтисослаштирилган санъат мактаби 11-синф ўқувчиси Моҳирабону Рахмонованинг “Меҳробдан чаён” асарига ишланган асарлари учун;

2-ўрин Сирдарё вилояти ихтисослаштирилган санъат мактаби 11-синф ўқувчиси Шоира Синдарованинг “Ўтган кунлар” романига ишланган “Кумуш Тошкентда” асари учун;

3-ўрин Хоразм вилояти ихтисослаштирилган санъат мактаби 10-синф ўқувчиси Эрназар Кенжаевнинг “Хоразмшоҳ Жалолиддин” асари учун берилди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.