loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Кино чизаётган мусаввир

Бугун, 26 март куни  Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиги, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, «Театр безаги рангтасвири» кафедраси профессори, таниқли кинорассом Бахтиёр Назаровнинг «Кино чизаётган мусаввир» номли кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирни очиб берган институт ректори Нодирбек Сайфуллаев  бугунги кунда юртимизда бадиий таълим ривожига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик натижасида соҳада кўплаб ўзгаришлар кузатилаёйганини, бу ўзгаришлар замирида ёшларни истеъдодини юзага чиқаришларига кўмаклашиш ҳамда  қўллаб-қувватлаш каби мақсадлар борлигини, шу билан бирга, санъатни ривожлантиришда соҳа фахрийларилари ҳам ўз билим ва тажрибалари билан муносиб ҳисса қўшаётганини, бу борада Бахтиёр Назаров томонидан амалга оширилаётган ишлар эътирофга лойиқ эканлигини таъкидлаб, устоз рассомни кўргазма билан муборакбод этди.

Ўзбекистон Бадиий академияси Бош илмий котиби Феруза Абиджанова кинонинг яралишида рассомни аҳамияти ҳақида тўхталиб, бугунги киносанъати айнан тажрибали кинорассомларга эҳтиёж сезаётгани, ўз навбатида устоз рассомлар ўз тажрибаларини ёшларга улашиш орқали кино санъатида маҳоратли рассомлар кўпайишига ҳисса қўшишлари лозимлигини таъкидлаб, Ўзбекистон Бадиий академияси номидан Бахтиёр Назаровни мазкур кўргазманинг очилиши билан табриклади.

Бахтиёр Назаров деганда кўз олдимизга «Шум бола», «Уч қиролнинг жанги», «Йигитча сени кутамиз», «Оловли ноғоралар» каби  кўплаб ўзбек ва жаҳон киносининг классикасига айланган фильмларнинг рассоми келади. Уларнинг классикага айланишида бевосита рассомнинг хизматлари ҳам беқиёс даражада.

Бугунги кўргазмада ҳам кинорассом томонидан Бобораҳим Машраб ҳамда Паҳлавон Маҳмуд сценарийларига ишланган раскадровка, экспликация ва эскизлардан иборат санъат асарлари ўрин олган. Ушбу асарларни бир томондан тасвирий санъат ихлосмандлари учун ажойиб совға десак, бир томондан ёш мусаввирлар, айниқса, бўлажак кинорассомлар учун  соҳа сир асрорларини чуқурроқ англашлари учун муҳим манба дейиш мумкин.

Кўргазма сўнгида Бахтиёр Назаровнинг ижодига бағишанган ҳужжатли фильм намойиши бўлиб ўтди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.