loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Конституция ранглар жилосида

Тошкент фотосуратлар уйида «Конституция ранглар жилосида» кўрик-танловининг якунига бағишланган тадбир ва ижодий ишлар кўргазмаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодаси сифатида демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, аҳолининг эркин ва обод турмушини таъминлаш, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш ҳамда барча соҳаларда ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу сабабдан, 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун, қолаверса, Бош қомусимизнинг 30 йиллиги муносабати билан айни кунларда Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси томонидан қатор байрамона тадбирлар ва фуқароларимизнинг, хусусан, ёшларнинг сиёсий билимларини ҳамда ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, шунингдек, билимли ҳамда қобилиятли ёшларни аниқлашга қаратилган қатор танловлар ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 2 декабрь куни ҳам пойтахтимизда жойлашган Расмлар уйида айнан шундай кенг кўламли тадбирлардан бири – «Конституция ранглар жилосида» ижодий кўрик-танловининг якунларига бағишланган байрамона тадбир ҳамда танлов ғолибларининг ижодий ишлари кўргазмаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимович, Ўзбекистон Бадиий Академияси раиси Акмал Нур, шунингдек, Таниқли санъатшунослар, ҳуқуқшунослар, сиёсатчилар, партия фаоллари, ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган тадбирда партия ташаббуси билан Ўзбекистон миллий банки, Ўзбекистон бадиий академияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Конституциямизнинг 30 йиллигига бағишлаб ташкил этилган расмлар кўрик-танловининг якуни бўйича ғолиб деб топилган истеъдодли ёшлар тақдирланди.

Айтиш жоизки, мазкур танловда Республикамизнинг барча вилоятларидан 18 ёшгача бўлган кўплаб истеъдодли ёшлар иштирок этиб, ўзларининг қобилиятини ва Бош қомусимизни англашга, ўрганишга, қолаверса, таҳлил этишга бўлган қизиқишларини атрофлича намоён қилиш имкониятига эга бўлдилар.

Таниқли санъатшунослар, тажрибали ҳуқуқшунослар ва қатор соҳа мутахассисларидан ташкил топган танлов ҳайъати томонидан жараёнларда 4 минга яқин расмлар эътибор билан таҳлил этилиб, адолат мезонлари асосида баҳолаб борилди. Ҳар бир вилоят кесимида Конституциямизнинг 128 та моддаси ва 1 та муқаддимаси бўйича энг муносиб расмлар Республика босқичига тавсия этилди.

Кейинги Республика босқичида эса 14 та вилоятдан келган расмлар орасидан танлов талабларига энг муносиб 128 та модда ва 1та муқаддимага бағишлаб чизилган расмлар саралаб олинди ва якунда «Конституция ранглар жилосида» номли китобга киритилди.

Таъкидланганидек, ўтказилган тадбир қизғин лаҳзаларга ва унутилмас таассуротларга бой бўлди. Қолаверса, танловда Республикамизнинг турли ҳудудларидан иштирок этган иқтидор эгаларининг юксак дид ва маҳорат билан ишланган расмлари «Конституция ранглар жилосида» номли яхлит китобга жамланиши Бош қомусимизнинг 30 йиллигига муносиб туҳфа бўлди десак, янглишмаган бўламиз.

Тадбирнинг очилишида сўз олган партия Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов ўтказилган кўрик-танловнинг мақсад ва моҳиятига атрофлича тўхталар экан, бежизга партия томонидан бундай кенг кўламли лойиҳага қўл ўрилмагани, сабаби «Адолат» СДПнинг мақсад ва вазифаларида аҳолини хусусан ёшларнинг сиёсий тафаккурини, ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир қатор масалалар белгилаб олинганлиги ва ушбу танлов партия томонидан шу йўналишда ўтказилаётган қатор анъанавий тадбирларнинг мантиқий давоми бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, жараёнда кўрик-танловни юксак савияда ўтказишда яқиндан ҳамкорлик қилган қатор ташкилотларга, хусусан, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Миллий банки, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети ва бошқа ҳамкорларга самимий миннатдорчилик билдирилиб, партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

Қолаверса, тадбир давомида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур кўрик-танловнинг ёш истеъдод эгалари учун аҳамиятини ижобий баҳолаб, бу каби лойиҳалар ижодкор ёшлар учун ўз иқтидорини намоён қилишларига имконият яратиб бериш билан бир қаторда, Бош қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этишда, шунингдек, ёш авлод қалбида Она-Ватанга меҳр ва садоқат туйғуларини юксалтириш, уларни Конституциямиз ва бошқа қонунларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини айтиб ўтди.

 

Шунингдек, жараёнда таниқли санъатшунослар, тажрибали ҳуқуқшунослар, партия фаоллари ва жамоатчилик вакилларидан таркиб топган ҳакамлар ҳайъатининг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлган ҳамда барча иштирокчилар сабрсизланиб кутган якуний натижалар эълон қилинди. Унга кўра, 3-ўринни Наманган ихтисослаштирилган санат мактаб интернати ўқувчиси Мирахмедова Моҳидил (63-модданинг мазмун-моҳиятини тасвирлаб чизган расми учун), 2-ўринни Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санат мактаб интернати ўқувчиси Дусмаилов Мийлибек (61-модданинг мазмун-моҳиятини тасвирлаб чизган расми учун) ва 1-ўринни Тошкент шаҳрида жойлашган П.Бенков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби ўқувчиси Жўраева Зуҳра (9-модданинг мазмун-моҳиятини тасвирлаб чизган расми учун) қўлга киритдилар. Шунингдек, яна кўплаб иштирокчиларнинг чизган суратлари ҳакамлар ҳайъати томонидан эътироф этилиб, «Конституция ранглар жилосида» номли китобга киритиш учун тавсия этилди. Ғолиб деб топилганларга партия ва ҳамкор ташкилотлар томонидан сертификат, ташаккурнома, қимматбаҳо совғалар ҳамда пул мукофотлари топширилди.

Асосий қисмдан сўнг танловнинг якуний босқичида саралаб олинган ижодий ишлар кўргазмаси бўлиб ўтди.

Тадбир якунида иштирокчилар Бош қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этишда барча соҳа вакиллари ҳамқадам бўлиши лозимлиги, шунингдек, ёш авлод қалбида она Ватанга меҳр ва садоқат туйғуларини жўш урдириш, уларни Конституциямиз ва бошқа қонунларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш шу юртдаги барчанинг асосий бурчи эканлигини таъкидлаб, партиянинг ушбу йўналишдаги ташаббусларини юқори баҳоладилар ва келгусида ҳам шундай кенг қамровли лойиҳаларни анъанавий тарзда ташкил этишга келишиб олинди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.