loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Музей таассуротлари

24 октябрь куни Ўзбекистон Президенти сайловига ташриф буюрган халқаро журналист, Япониянинг “The Sekai Nippon” газетаси бош муҳаррири Сусуму Фужихаши Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейига келди.

Меҳмон Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида сақланаётган миниатюра санъатига оид асарлар, нодир қўлёзма ва тошбосмалар, тарихий ҳужжатлар, амалий санъат асарлари ва бошқа экспонатлар билан атрофлича танишди.

Сайлов халқаро кузатувчисига аждодларимиз маданий мероси намуналарини ўзида тўплаб, кўз қорачиғидек асраб келаётган ушбу маскан фаолияти ҳақида етарли маълумот берилди.

Меҳмон Ғарбда “Шарқ Рафаэли” деб тан олинган, ўзининг бетакрор ижоди, гўзал санъати билан нафақат Шарқ, балки дунё маданияти тарихида ўчмас из қолдирган забардаст мусаввир Камолиддин Беҳзод мўйқаламига мансуб Туркия Тўпқопи музейидан келтирилган факсимил асарлари билан ҳам танишди.

— Ўзбекистон ҳудудлари энг қадимги даврлардан бошлаб жаҳон цивилизациясининг ўчоқларидан бири эканлигига илмий жиҳатдан ҳеч қандай шубҳа йўқ. Юртингизнинг бой маданий мероси, санъати доимо мени ўзига жалб қилган. Бугун шу имкониятга эга бўлганимдан, Шарқ миниатюра санъатида ўчмас ҳиссаси бўлган буюк аждод намояндаларингиз ижоди намуналаридан танишганимдан, улкан таассурот олганимдан жуда мамнунман, — деди Сусуму Фужихаши жаноблари.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.