loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Олам ичра бир олам

Инсон ва борлиқ ижод аҳли учун чексиз илҳом манбаидир. Ҳар бир санъат соҳасининг ўз тили, тафаккур юритиш шакли бор. Олам синоатини, инсон моҳиятини ранглар воситасида  тушуниш ва ифодалаш рассомларга берилган ажиб имкониятдир. Ўзбек рангтасвири  жаҳон санъати билан ҳамнафас илдамлаб бораяпти. Бунга сабаб, ўз ишига меҳру муҳаббатини жон дилдан сарф этиб, дунёга ўз сўзини чизиб изҳор этаётган забардаст  санъаткорларнинг борлигидир. Ўзбекистон халқ рассоми , академик  Йигитали Турсунназаров  мўйқалами орқали  ўзига ва миллат шаънига шараф келтираётган атоқли мусаввирлардан саналади.

Йигитали Турсунназаров  1941 йилда  Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги Рапқон қишлоғида туғилган. Ўн тўрт ёшидан у ҳаваскор сифатида  чизишни бошлайди ва 1962 йилдан П.Беньков номидаги республика  бадиий билим юртида таҳсил олади. Сўнгра Тошкент театр ва рассомлик  санъати институтининг рангтасвир йўналишини Ўзбекистон халқ рассоми Раҳим Ахмедов  раҳбарлигида тугатади. Турсунназаров ижодий  фаолиятини 1970 йиллардан бошлайди. Талабалик даврида  ишлаган қатор  асарлари билан эътиборга тушади. Жумладан, “Ўтмишда” номли дастлабки картинаси мазмун ҳамда бадиият жиҳатдан юқори баҳоланади. Ушбу суратниг такрорий нусхаси Ўзбекистон давлат тарихи музейи экспозициясидан жой олган.

«Хаёл оғушида» , 2012 й.
«Сўнгги мактуб», 2010 й.

Мусаввир бадиий тасвирнинг барча жанрларида  сермаҳсул ижод этди. Портрет жанридаги асарларида  асосан замондошлари қиёфасини муҳрлашга интилганини кузатиш мумкин. Унинг кўплаб портретларида  ўзи туғилиб ўсган Рапқон қишлоғи одамлари акс этган. Рассом оддий инсонларнинг  олийжаноблиги, меҳнатсеварлигидан илҳомланиб, уларнинг  ҳаётий ташвишлари ва завқини турфа қиёфаларда тасвирлаганини кўриш мумкин. Шунингдек, ушбу жанрда “Раҳим Аҳмедов портрети”, “Уруш  қаҳрамони  Аҳмаджон Азизов портрети”, “Собиржон Холиқов портрети”,  “Қушчи Ёрмат ака портрети”, “Ҳожимат Холматов портрети”, “Ҳалима Худойбердиева”, “Саид Аҳмад”, “Саида Зуннунова”, “Ислом Каримов портрети” каби ўнлаб сиймолар образини ишлаган. Турсунназаров портретлари ўзига хос ёндашуви, қаҳрамон шахсиятининг тўлақонли очиб берилиши ҳамда рангларни дид билан   ишлатгани билан ажралиб туради. Ранглар гаммасидан кенг кўламда фойдаланиш ҳозирги замон рангтасвир санъатининг муҳим хусусиятларидан ҳисобланади. Унинг портретлари  инсонни фикрлашга ундайди. Томошабин бир қараганда  Йигитали Турсунназаров  мўйқаламига мансуб эканлигини дарҳол ажратиб олади.

Шунингдек, у ўз изланишлари  борасида аёллар мавзусига алоҳида урғу берган. “Опа-сингиллар”, “Зиннатой”, “Гулсара”, “Дилором”, “Одинахон”, “Юлдузхон”, “Нодирахон”, “Робия опа”, “Анна Эмилия”, “Мастон хола” каби ўнлаб аёллар образи акс этган портретлари  жуда машҳур. Рассом улар орқали сабр-бардош, севги, садоқат, иффату меҳр, изтироб ҳақида турли ғояларни илгари суради.

Мусаввир ижодининг яна бир алоҳида  қисмини пейзаж ва натюрмортлар ташкил этади. “Жийда шохчалари”, “Рапқон заҳматкашлари”, “Сариқ гуллар”, “Шоҳимардон йўллари”, “Ўзбекистон мевалари”, “Оқ гуллар”, “Гўри Амир мақбараси”, “Братислав шаҳри манзараси”, “Чимёнда қиш”, “Тоғдаги кеча”, “Рапқон қишлоғи манзараси”, “Ёлғиз дарахт”, “Кўкалдош мадрасаси ёдгорлиги”, “Тоғдаги оқшом”, “Орол кўзёшлари”, “Ҳовуз”, “Анор дарахти”, “Анор” каби кўплаб  асарларида табиат ва ҳаётнинг турфа  манзаралари унинг нигоҳи орқали самимий ва таъсирчан кўринишда тасвирланган. Уларда табиатнинг тирик нафасини ҳис этиш мумкин. Биргина “Жийда шохчалари” асари  мусаввирнинг  маҳорати нақадар теранлигини қиёслашга мисол бўла олади. Мазкур асар ўртача  ҳажмда ишланган бўлиб, орқа фон тўқ кўк рангда, оқ-кулранг бута ва сариқ жийда гуллари бир қараганда, унчалик ёрқин  тасвир этилмагандай туюлади, лекин унга синчковлик билан разм солинса, томошабиннинг димоғига эрта баҳорда  гуллаган жийда  ифори урилаётгандек бўлади. Яъни, рассом профессионал ўлароқ, ўзи тасвирлаётган нарсалар орқали инсон руҳиятига, сезгисига таъсир этади. Бунга рангларни ўз ўрнида ишлатиши, композицияни тўғри топиш орқали эришади.

«Шоҳимардон йўллари», 2001 й.

Йигитали Турсунназаров фаолиятида  академик йўналиш ҳам, авангард эркин услублар ҳам бирдек аҳамият касб этади. У тарихий асарлар яратиш бўйича ҳам катта тажрибага эга рассомлардан. Айниқса, Амир Темур ҳақидаги  туркум асарлари бу йўналишдаги изланишларининг ёрқин намунаси бўлиб ўзбек санъати хазинасига қўшилди. Мавзули картиналарида давр ва жамят ҳаётинниг долзарб муаммолари кенг ўрин эгаллаган. “Хаёл оғушида”, “Сўнгги мактуб”, “Орол кўзёшлари”, “Қора қуёш”, “Бутифос”, “Сув ҳақида достон”, “Рапқон заҳматкашлари”, “Пахтачилар” сингари асарларида жамият ва табиат фожиаларининг фалсафий-бадиий тасвирини, уларга рассомнинг муносабатини ўқиш мумкин.

Рассом ижоди ҳақида сўз кетганда, мазкур асарлар албатта тилга олинади. Бу бежиз эмас. “Қора қуёш” триптихида Шарқ аёлларининг паранжи остидаги зулматли ҳаётдан ёруғликка чиққунгача  бўлган босқичлр тасвирланган бўлса, “Пахтачилар”да “пахта иши” фожиалари моҳирона талқин этилган. Триптихнинг биринчи картинасида сочларини ёйган ҳолда пахта тераётган аёллар сиймоси акс этган бўлиб, бу орқали халқнинг, аёлларнинг аламли исёни ифодаланган. Иккинчи картинада эса боласини бағрига босган аёлнинг устига пахта уюми тўкилаётгани манзараси намоён бўлади. Асарнинг мазмунида пахта ўзбек аёлларининг бошига кулфат бўлгани ҳақидаги аччиқ ҳақиқат ётади. Эгатларга букилганча робот-машина сингари пахта тераётган қизлар триптихнинг учинчи асарида тасвирланади. Бундай катта мавзуни таъсирчан ва мазмундор шаклда ифода этиш маҳорати мусаввирнинг бошқа бир асари – “Орол кўзёшлари”да ҳам яққол кўзга ташланади. Унда саҳрога айланган Орол фожиаси тасвирловчининг фалсафий мушоҳадаси, изтироби, ўйларини ўзида жамлайди. 1985 йили ишланган ушбу полотно рамзий мазмунга эга бўлиб, унда  қуриб қолган дарахт шохида бойўғлининг қўниб олгани тасвирланади. Санъаткор шундай ишора ва тимсоллар билан Орол фожиасининг нақадар мудҳиш ҳодиса эканини кўратиб беради.

«Қора қуёш», 1979 й.

«Сув ҳақида достон», Триптих

«Пахтачилар 1985 йилда», Триптих, 1984-2009 й.  

«Рапқон заҳматкашлари», Триптих. Пахтакор Р.Толипов. 1988 й.

«Рапқон заҳматкашлари», Триптих. Ишдан қайтиш. 1988 й.

«Орол кўзёшлари», 1985 й.

Йигитали Турсунназаров шу каби асарлари билан дунёга танилди. Унинг ижоди кўплаб хорижий мамлакатларда  эътироф этилган. Асарлари Англия, АҚШ, Япония, Туркия, Германияда, Россиянинг машҳур  Третьяков галереяси, Чкалов номидаги музейи, Россия Федерацияси бадиий фондида  ва бошқа давлатларнинг нуфузли музейларида, хусусий коллекция тўпламларида сақланади. Юртимизда эса Ўзбекистон давлат санъат музейи, Бухоро, Хоразм, Фарғона вилоят музейларида, Бобур номидаги Андижон шаҳар музейида, Ўзбекистон Бадиий кўргазмалар дирекцияси фондида ва Ўзбекистон тарихи давлат музейларида кўп сонли асарлари ўрин олган.

Мусаввир ҳозирги вақтда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Дастгоҳли рангтасвир” кафедраси профессори сифатида  фаолият олиб бормоқда. Шу билан бирга ҳамон ўзининг олам ичра оламида ижод билан, янги-янги асарлар яратиш билан машғул.

 

Иқбол ИЛҲОМОВ,

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси    

“Jahon adabiyoti” журналининг 2022 йил июль ойи сонидан олинди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.