loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Профессор-ўқитувчиларга семинар

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2021 йилнинг 16 июнь  куни ўтказилган олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ишлаб чиқилган «Йўл харитаси» асосида ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

7 январь куни институт профессор-ўқитувчилари учун ташкил этилган навбатдаги семинарда Ўқув-услубий бўлим бошлиғи Н.Алиева ушбу «Йўл харитаси»да белгиланган вазифалар ва профессор-ўқитувчилар учун тақдим этилаётган кўплаб имкониятлар ҳақида атрофлича  маълумот берди.

Жумладан, унда профессор-ўқитувчиларни нуфузли хорижий олий таълим муассасаларида малака ошириш мақсадида юбориш, илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш, хорижий тилларни ўрганишлари учун кўмаклашиш ва бошқа бир қатор имкониятлар яратилган бўлиб, бугунги кунда кўплаб профессор-ўқитувчилар улардан фойдаланиб келишмоқда.

Семинарда шунингдек, Информатика ва менежмент кафедраси мудири С.Закирова томонидан профессор-ўқитувчилар учун компьютер технологияларидан, айниқса, интернет ресурслардан самарали фойдаланиш, фойдали маълумотларни қидиришда нималарга эътибор қаратиш, шунингдек, илмий мақолаларни интернет нашрларда эълон қилиш бўйича муҳим тавсиялар берилди.

Куннинг иккинчи ярмида Илмий ишлар ва инновациялр бўйича проректор Д.Қурбонова ҳамда Илмий тадқиқотлар, инновациялар ва илмий педагогик кадрлар тайёрлаш сектори мудири Б.Сангиров томонидан кафедра мудирлари учун 2021 йилда илмий соҳада эришилган ютуқлар ҳамда истиқболдаги режаларни муҳокамасига бағишланган махсус семинар ташкил этилди.

Семинарда таъкидланганидек, ўтган йилда институтда илмий салоҳиятни ошириш ва илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш борасида бир қанча ютуқларга эришилди.

Жумладан, институт ҳузурида ташкил этилган илмий даражалар берувчи Илмий Кенгашда 8 та диссертация ҳимоялари ўтказилди. Шунингдек, турли Кенгашларда институт профессор-ўқитувчиларининг яна 5 нафари фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация ишини мувафаққиятли ҳимоя қилди.Бошқа яна бир қанча ютуқларни санаб ўтиш мумкин.

Галдаги вазифа –  жорий йилда ҳам ушбу йўналишдаги ишларни шу даражада давом эттириш экани баён этилиб, режалар муҳокама қилинди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.