loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Таниқли мусаввир ва усталарнинг кўргазмаси очилди

5 ноябрь куни пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон Бадиий академияси, Ҳунармандлар уюшмаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Ислом маданияти равнақ топган юрт” мавзусида таниқли тасвирий ва халқ амалий санъати усталарининг ижодий ишлари кўргазмаси очилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси раиси И.Валихўжаев кўргазманинг мақсади миллий санъатимизнинг дурдонаси бўлган халқ амалий санъати ва тасвирий санъат асарларини ноёб намуналарини кенг тарғиб қилиш, асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ёш авлод қалбида нафосат туйғуларини камол топтириш, юртимизда сермаҳсул ижод қилаётган тасвирий ва амалий санъат вакилларининг  ижодий тажрибаларидан ўсиб келаётган ёшларни баҳраманд этишдан иборат эканлигини таъкидлаб ўтди.  Кўргазманинг очилиш маросимида Ислом динининг халқимиз маданияти ва санъатига таъсири, самаралари, буюк аждодларимизнинг бой моддий ва маънавий мероси, уларнинг асарларида акс этган эзгулик ғоялари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Қайд этиш жоизки, истиқлол шарофати туфайли юртимиз алломаларининг ҳаёти ва илмий-маънавий меросларини ўрганиб, кенг жамоатчиликка етказиш имконияти яратилди.  Экспозицияда асрлар давомида шаклланиб, ривож топган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, тасвирий санъат асарлари, Ислом дини билан уйғунликда шаклланган анъаналар намойиш этилмоқда.

Хусусан, юртимизда Ислом дини кириб келганидан сўнг амалий санъатнинг гўзал ва такрорланмас турлари: хаттотлик, ёғоч ўймакорлиги, наққошлик, каштачилик, миниатюра каби йўналишлар шаклланиб, бугунги кунга қадар мазкур йўналишда кўплаб бетакрор асарлар яратилгани ўз аксини топган. Ушбу асарлар намуналаридан кенг жамоатчилик баҳраманд бўлмоқда.  Ушбу кўргазма 7 ноябрга қадар давом этади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.