loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Таниқли режиссёр билан учрашув

13 сентябрь куни Ўзбекистон Бадиий академиясида  таниқли кинорежиссёр ва сценарийчи Зулфиқор Мусоқов  билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш, айниқса ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун  ҳар бир соҳанинг кўзга кўринган намояндалари билан ижодий учрашув, давра суҳбатлари ташкил қилинмоқда.Таниқли кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқов билан бўлиб ўтган учрашув ҳам шундай табирлар сирасига киради.  Зулфиқор Мусоқов ўзининг “Абдуллажон”, “Бомба”, “Яратганга шукур”,   “Кичкина табиб”, “Ойижон”, “Осмондаги болалар – 1-2”, “Ватан”, “Қўрғошин”, “Қовун”, “Хазонрезги”, “Новда”, “Дадам бетоб” каби фильмлари ва “Аёл зоти” телесериали билан мухлислар қалбидан чуқур жой олган.  Ижодкор фильмлари халқчиллиги билан ажралиб туради. Режиссёрнинг «Ватан» филми 2007 йилда Малайзияда ўтказилган 50-Халқаро кинофестивалда «Осиёнинг энг яхши фильми» номинациясига даъвогарлик қилган. 2011 йилда режиссёр суратга олган «Қўрғошин» бадиий фильми Россияда бўлиб ўтган «Киношок» Халқаро кинофестивалида қатнашиб, «Энг яхши сценарий» номинацияси совриндори бўлган.Зулфиқор Мусоқов  “Меҳнат шуҳрати” (2003 й.) ордени,  “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби” унвони (2006 й.)  соҳиби. Академик рассомлар, ўзбек кино санъати намояндалари, Бадиий академия тасарруфидаги таълим муассасалари  ўқитувчи, талабалари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган ижодий учрашувда ўзбек кино санъатига оид масалалар, мамлакатимизда кинематографияни ривожлантириш борасида олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар хусусида фикр алмашинди. З.Мусоқов иштирокчиларга ўзининг севимли фильмлари ҳақида гапирди, ижодий лойиҳаларига тўхталди, иштирокчи мухлисларнинг ўз ижодий фаолияти ҳақидаги саволларига атрофлича жавоб берди. Сўзга чиққанлар З.Мусоқовнинг ўзбек кино санъати ривожига муносиб ҳисса қўшган фильмлари билан мухлислар қалбидан чуқур жой олганини эътироф этишди, ижодига янги муваффақиятлар тилашди. Тадбирда муаллифнинг 2021 йилда 25 кун давомида  суратга олинган, шарафли касб эгалари – шифокорлар ҳақидаги «Касаллик тарихи» фильми намойиш этилди.Бош ролларни таниқли актёрлар – Сейдулла Молдаханов, Нигора Каримбоева, Отбаек Мусанв ижро этган  ушбу фильмда  ўз касбига ихлос қўйган шифокорлар, уларнинг ўз бурчига садоқати ҳикоя қилинади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.