loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ютуқларга бой йил

2021 йил мамалакатимиз тараққиёти учун муҳим ўзгаришлар, улкан ютуқларга бой йил сифатида тарих зарварақларидан жой олди.

Ушбу ўзгаришлар ва янгиланишларга монанд тарзда Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти жамоаси ҳам ушбу йилда бир қанча муваффаққиятларга эришди.

Хусусан, қабул жараёнларининг барча жабҳаларида ўтган йиллардаги каби бир қанча омилларни ўз ичига олган адолатли ва шаффоф муҳит шакллантирилди. Бунинг натижасида энг истеъдодли ҳамда билимли ёшлар талабалик бахтига муяссар бўлдилар. Улар ҳозирнинг ўзидаёқ, бир қанча ютуқларни қўлга киритиб келаётгани сўзимиз исботидир.

Шунингдек, истеъдодли талабалар ҳам ўз ютуқлари билан институт муваффаққиятига муносиб ҳисса қўшишди. Жумладан, улар «Йил талабаси» Республлика танлови ғолиблигини, Президент, Ислом Каримов, Навоий, шунингдек, жорий йилдан илк бор таъсис этилган Камолиддин Беҳзод Давлат стипендияларини қўлга киритишди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги Қарорига асосан 2-босқич талабаси Фазлиддин Анваров юксак эътироф – «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланди.
Бундан ташқари, бир қанча халқаро ва Республика танловларида ҳам мувафаққиятли иштирок этиб, кўплаб эътирофларга сазовор бўлдилар.

Институт миқёсида эса «Тамаддун бунёдкорлари», «Янги Ўзбекистон менинг нигоҳимда» ҳамда «Биз, ёшлар COVID-19га қаршимиз» номли танловлар ташкил этилиб ғолиблар муносиб рағабатлантирилди ҳамда уларнинг ижодий ишлари «Ёш ижодкорлар» каталогининг турли сонларига жамланиб борилди.

Институт ҳузурида ташкил этилган илмий даражалар берувчи Илмий Кенгашда 8 та диссертация ҳимоялари ўтказилди. Шунингдек, турли Кенгашларда институт профессор-ўқитувчиларининг яна 5 нафари фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация ишини мувафаққиятли ҳимоя қилди.

Халқаро ҳамкорлик соҳасида эса Италиянинг Полимода дизайн мактаби, Беларусь Республикасининг Янка Купала номидаги Гродно давлат университети, Туркиянинг Кастамону университети, Россия Федерациясининг, А.Л.Штиглиц номидаги Санкт-Петербург давлат Бадиий саноат академияси, Озарбайжон Миллий санъат музейи ва бошқа кўплаб муассасалар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Пандемия туфайли тўхтаб қолган институт профессор-ўқитувчиларининг хорижий давлатларга стажировкага жўнатиш бошланди. Жумладан, жорий йилда улар Россия Федерацияси, Oзaрбайжон ва Беларусь Республикаларида бўлиб қайтишди.

Институтда талабалар контенгентининг асосий қисмини Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатларининг битирувчилари ташкил этишини инобатга олган ҳолда 2021/2021-ўқув йилидан эътиборан мазкур ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатларига хизмат сафарлари уюштириб келмоқдамиз.

Бу каби ўзгаришларни яна кўплаб давом эттиришимиз мумкин. Юқорида таъкидлаганимдек, 2021 йил бир қанча ютуқлар билан ёдда қолди.

Ўз навбатида, институт жамоаси 2022 йилда ҳам бунданда улкан ютуқ ва зафарларни қўлга киритиш йўлида ҳозирданоқ ҳаракатни бошлаб юборган, десам асло муболаға бўлмайди.

Бир сўз билан айтганда, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Янги Ўзбекистон санъати ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшадиган, ҳар томонлама баркамол, Камолиддин Беҳзод ва бошқа буюк мусаввирларга муносиб издош бўла оладиган истеъдод эгаларини тарбиялашни мақсад қилган.

Нодирбек Сайфуллаев,
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик
ва дизайн институти ректори.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.