loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ўзбекистон халқ рассоми кўкрак нишони соҳиби

13 декабрь куни Ўзбекистон халқ рассоми Рустам Худойберганов «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 мартдаги «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида»ги 236-сонли сонли қарори билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида маданият ва санъат соҳасида узоқ йиллардан бери фидокорона хизмат қилиб келаётган жонкуяр ходимларни рағбатлантириш мақсадида «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишони таъсис этилди.

Мазкур кўкрак нишонининг таъсис этилиши билан республикамизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, Ўзбекистон маданияти ва санъати ривожига катта ҳисса қўшган таниқли санъаткорлар, дунё саҳналарида иқтидорини муваффақиятли намойиш этиб келаётган ёшлар ва уларнинг устозлари, маданият ва санъат соҳасида малакали кадрлар тайёрлашда жонбозлик кўрсатаётган тажрибали, етук ҳамда фидоий маданият ва санъат соҳаси вакилларини муносиб тақдирлаш тизими йўлга қўйилди. Кўкрак нишони Янги йил байрами арафасида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тантанали равишда топширилади.

Худойберганов Рустам Aдамбаевич – 1946 йилда Хоразм вилоятида таваллуд топган. Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси. Камолиддин Беҳзод номидаги МРДИ “Маҳобатли рангтасвир” кафедраси профессори. 2003 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, 2013 йилда Ўзбекистон халқ рассоми унвонларига сазовор бўлган. Хитой Халқ Республикасининг Нанкин университети фахрий профессори. Кўплаб халқаро ва республика кўргазма ҳамда конференциялар иштирокчиси.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.