loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Абдулла Ориповга ёдгорлик лавҳи очилди

        Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли шоир, таниқли жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда. 

         Шу кунларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан Абдулла Орипов яшаб, ижод қилган хонадонга ёдгорлик лавҳи ўрнатилди.

         Ёдгорлик лавҳи муаллифи – Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, ҳайкалтарош-рассом Азамат Хатамов.

        Бугун, 26 март куни “Дўрмон” ижод уйи ҳудудида жойлашган ушбу хонадонда ўрнатилган барельефнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда давлат ва жамоат арбоблар, ёзувчилар, шоирлар, адабиётшунослар, ёш ижодкорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ҳодимлари иштирок этдилар.

     

     Тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур иштирок этди ва сўзга чиқди. Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нур шоирнинг шеърларини ўзи ҳам севиб мутолаа қилишини, Абдулла Орипов ижодий мероси Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олийжаноб инсоний фазилатларни мадҳ этган бўлиб, халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлод тарбиясида беқиёс ўрин тутишини таъкидлаб ўтди.

          Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини муносиб нишонлаш ва хотирасини абадийлаштириш мақсадида ўтказилаётган тадбирлар мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда.

 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.