loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Қалбим чошгоҳи

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти кўргазмалар залида Тасвирий санъат факультети Дастгоҳли рангтасвир таълим йўналиши 3-босқич талабаси Абдумуминова Мадинанинг «Қалбим Чошгоҳи» номли шахсий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида сўзга чиққан институт Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Дилафрўз Қурбонова бугун юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорларини намоён қилишга барча шароит ва имкониятлар яратилганини, ўз навбатида, ёшлар ҳам бу берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда кўплаб ютуқларни қўлга киритиб, халқимизга муносиб инсон бўлиб вояга етаётганини алоҳида таъкидлаб, бугун кўргазмадаги ижодий ишларда ҳам Ватанга бўлган муҳаббат, эртанги кунга бўлган юксак ишонч ажойиб ранглар ва санъаткорона талқин воситасида ифодаланганини, бу ютуқларда эса устозларнинг хизмати катта эканлигини эътироф этди.

Шунингдек, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси раиси Иброҳим Валиходжаев ҳамда ёш ижодкорнинг устозлари ва тенгдошлари бугун талабаларнинг қўлга киритаётган ютуқларида юртимизда санъат ва маданиятга қаратилаётган эътибор, институтда яратилган ижодий муҳитнинг аҳамияти беқиёс эканлигини қайд этди.

Кўргазмада намойиш этилган “Устахона”, “Ёғоч ўймакорлари”, “Менинг қишлоғим”, “Туш”, “Самоварли натюрморт”, “Меҳмонга”, “Оналик бахти”, “Тун”, “Сумалак” ва бошқа кўплаб ижодий асарларга назар солар экансиз, Мадинанинг ўз услуби ва йўналиши шаклланиб бораётгани, асарларида ҳаётга, воқеа-ҳодисаларга нисбатан ижобий кайфият устун туришини, янги назар ва дунёқарашга эга эканлигига гувоҳ бўласиз.

Тадбирда Мадина Абдумуминова диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.