loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

“Image of а Woman” – ўзбек қизининг китоби Amazonда

Ўзбекистон Бадиий академиясининг Рўзи Чориев номидаги Сурхондарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида ўз олдига катта мақсадлар қўйган истеъдодли ўғил-қизлар таълим олади. Ёш ижодкор Шамсиқамар Суюнова мақсад сари интилувчан ана шундай қизлардан бири.

Суюнова Шамсиқамар Искандар қизи 2006 йилда Термиз шаҳрида туғилган. Бадиий академия томонидан ўтказиладиган анъанавий халқаро Тасвирий ва амалий санъат фестивалининг 2021 йилда кумуш медали соҳибаси. Бир биридан гўзал суратлар чизиш баробарида назмда ҳам қалам тебратади. Ўтган йили унинг “Тонг чечаги” номли шеърлар китоби чоп этилиб, шеърият мухлисларига манзур бўлган эди.

Мусаввира, шоира Шамсиқамарнинг шеърлари эндиликда хорижий тилга ҳам ўгирилиб, дунё юзини кўрмоқда. Яқинда унинг “Image of а Woman” номли тўплами инглиз тилида 1000 нусхада чоп этилди ва АҚШнинг электрон савдо бозорида йирик компанияси бўлган Amazonнинг китоб сотиш платформасида сотувга чиқарилди.

Ушбу тўпламда муаллифнинг шеърлари қаторида чизган асарлари, ўқувчилик даврининг қизғин дамлари муҳрланган фотосуратлар ҳам ўрин олган.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.